Ўзбекистон | 10:45 / 27.11.2018
6586
3 дақиқада ўқилади

Amnesty International вакили Ўзбекистонда фаолият олиб бориш истагини билдирди

Фото: Getty Images

Amnesty International Ўзбекистонда ишлашни хоҳлайди. Бунинг учун ташкилотда истак бор. Ташкилот вакили Мэйзи Вэйчердинг KUN.UZ мухбирига берган интервьюсида шундай фикрларни билдирди. 

2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Анжуман давомида KUN.UZ мухбири Инсон ҳуқуқлари бўйича айрим халқаро ташкилотлар вакилларидан қисқа интервьюлар олди. Хусусан, Amnesty International (International Secretariat) вакили Мэйзи Вэйчердинг (Maisy Weicherding) қуйидаги фикрларни билдирди.

Толиб Раҳматов: – Ўзбекистонга хуш келибсиз! Биринчи саволим шундан иборатки, Amnesty International вакили сифатида Самарқанд форумидан нималарни кутяпсиз?

Мэйзи Вэйчердинг: – Самарқанд форумидан нималарни кутяпман? Биринчидан, мен бу анжуманга таклиф этилганимдан бахтиёрман, чунки бизнинг ташкилотимизга 15 йилдан буён Ўзбекистонга киришига рухсат берилмас эди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни минтақавий тарзда муҳокама қилишга очиқ эдик. Биз минтақадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари билан учраша олдик, ўз тажрибаларимизни ўртоқлашдик, жуда ажойиб тавсияларни ишлаб чиқдик.

Т.Р.: –  Сизнинг ташкилотингиз Тошкентда ўз ваколатхонасини очишни режалаштирмоқдами?

М.В.: – Ҳозирча, бизга мамлакатга киришга рухсат беришди. Биз ҳукумат билан жуда ҳам конструктив учрашув ўтказдик. Шунга кўра, навбатдаги қадамларимизни ташлашимиз мумкин. Албатта, бир жиҳатдан биз Ўзбекистонга келишни хоҳлар эдик. Аммо, бир вақтнинг ўзида бир вазифани уддалашни маъқул деб ҳисоблаймиз.

Т.Р.: –  Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳозирги ҳолатни қандай баҳолайсиз?

М.В.: – Менимча, бу ерда ҳақиқатдан ҳам жуда муҳим ислоҳотлар ўтказилди. Бизнинг ташкилотимиз қонун устуворлиги, адолат ҳамда қийноқлар масалаларига кўпроқ эътибор қаратади. Мисол учун, қийноқларга солиш борасида президент томонидан қийноқлар асосида олинган кўрсатмалар айблов хулосасидан жой олмаслигига доир фармон имзоланди. Бу жуда муҳим. Бундан ташқари, президент имзолаган ҳужжатда, гумонланувчининг қариндошлари ва яқинлари ҳам қийноқларга солинмаслиги керак, дея таъкидлангани шу вақтгача кузатилмаган ҳолатдир.  

Эндиликда, биз нимани кўришни истаймиз? Биз бу ҳужжатларнинг амалиётга қайдаражада татбиқ этилишини кўришни хоҳлаймиз. Чунки, фармоннинг мазмун-моҳияти жуда ажойиб. Муҳими унинг ҳаётга жорий этилишидир. Шундай экан, биз жиддий мониторинг қилмоқдамиз. Шу билан бирга, айрим ННТ ва матбуотга эркинлик берилди. Биз бу жараён янада кенгайишини хоҳлаймиз. Шу нарса муҳимки, эркинлик шу билан тўхтамаслиги керак, балки ижобий маънода танқид қилиш имконига эга бўлиш лозим. Ахир, мавжуд муаммоларни кўрсатиш билан уларга ечим топилиши бор гап. 

Мавзуга оид