Дунёда қашшоқ давлатлар кўп ва уларнинг сони кўпайишда давом этмоқда. Дунё ҳамжамиятининг кўмакларига қарамай бу давлатлар муаммолар гирдобидан чиқа олишмаяпти. БМТ маълумотларига кўра, юксак тараққиётга эришилаётган йигирма биринчи асрнинг иккинчи ўн йиллиги якунига етаётган бир пайтда ҳар куни (!) 25 минг киши очликдан ўлмоқда ва уларнинг кўпчилиги болалардир. Сайёрамизнинг деярли 1 миллиард аҳолиси кунига 2 долларга қаноат қилишга мажбур, 2,5 миллиард кишининг даромади эса кунига 3 доллардан ошмайди.

Биз бирваракайига қашшоқ деб атаётган давлатларнинг ҳам ўз таснифи бор. БМТ низомига кўра «қашшоқ давлат» деган атама қўлланилмайди. Иқтисоди энг паст кўрсаткичларга эга давлатлар «энг кам ривожланган давлатлар» деб аталади. Бундай мақомга эга бўлиш бир тарафдан ўта оғир аҳволни билдирса, иккинчи томондан қатор имтиёзлар беради. Энг кам ривожланган давлатлар халқаро ёрдамларни биринчи навбатда олади, арзон кредитларга эга бўлади, хориж давлатлари томонидан бепул тиббий ва таълим грантларини қўлга киритади.

Бу бир томондан давлатларга қашшоқликдан қутулишга ёрдам берса, иккинчи томондан акс таъсир қилади ва иллатли доира ҳосил қилади. Қашшоқ давлатлар ҳукуматлари хориж кўмагига қаттиқ суяниб қолади, ўз аҳволини яхшилашга ҳаракат қилмайди, мамлакатда коррупция урчийди, халқаро ҳамжамиятга ўзининг оғир аҳволини кўрсатиб, босим ўтказиш имконияти сақланиб қолади.

БМТнинг биринчи навбатда ёрдам бериш талабига кўра энг кам ривожланган давлат мақомини сақлаш ва аҳоли жон бошига йиллик ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи энг кам бўлиши лозим. ЯИМдан ташқари БМТ аҳоли овқатланиши, саломатлик, саводхонлик каби кўрсаткичларга ҳам эътибор беради. 1971 йилда бундай давлатлар сони 24тани ташкил қилган бўлса, 2011 йилдаёқ улар сони икки баробар ошиб, 48тага етган. Кузатишлар бошланганидан буён ўтган йиллар давомида фақатгина 10 давлатгина бу рўйхатдан чиқиб кета олган ва улар ривожланаётган давлатлар сафига қўшилган.

Маълумот: Дунёда кам ривожланган давлатлар сони кўпайган бўлсада, қашшоқликда кун кечирувчи аҳоли сони камайгани қувонарли. 2000 йилда бўлиб ўтган 189 давлат иштирокидаги «минг йиллик саммити»да 2015 йилга келиб қашшоқлар (яъни 1-1,25 доллар эвазига кун кечираётганлар) сонини икки баробарга қисқартириш режаси тузилган ва бу режа муддатидан 5 йил аввал бажарилган. БМТнинг яна бир улкан режасига кўра, 2030 йилга бориб қашшоқлик бутунлай тугатилиши лозим.

Бир қарашда энг қуйи рўйхатдан чиқиб, ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш осондек туйилади. Аммо қашшоқ давлатларнинг муаммолари жуда жиддий ва аксарият ҳолларда бир хил: сиёсий беқарорлик, фуқаролар урушлари, коррупция, таълим ва тиббий хизматлар сифатининг ўта пастлиги, юқори жиноятчилик, табиат инжиқликлари, иқтисоднинг ўта абгор бўлгани ҳолда катта қарздорлик кабилар шулар жумласидандир.