Кичик меҳмонхоналар ва хостеллар қурилишига оид Ҳукумат қарори қабул қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда стандарт лойиҳалар асосида 8-50 ўринли кичик меҳмонхоналар ва хостеллар қурилишини фаоллаштиришга оид Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг 41 шаҳри ва туманларида 345 та шундай жойлашув воситасини қуриш режалаштирилган.
“2018 йилнинг тўққиз ойи ичида 4,4 миллион киши Ўзбекистонга ташриф буюрган, бу 2017 йилнинг худди шу даврига нисбатан икки баравар кўп демакдир. 17 мамлакат билан визасиз режимнинг ўрнатилиши, 50 давлат фуқароларига нисбатан виза тартибининг соддалаштирилиши ҳамда Ўзбекистон туристик салоҳиятининг кенг тарғиб қилиниши натижасида шундай натижага эришилди. Шу билан бирга, мамлакатда ички туризм фаол ривожланмоқда. 2017 йилда маҳаллий сайёҳлар сони 10, 6 миллион кишини ташкил қилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткичнинг 14 миллион нафарга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бундан кейин ҳам саёҳат қилувчилар сонининг ошишига умид қиламиз, - дейди Азиз Абдуҳакимов. – Янги кичик меҳмонхоналар ва хостелларнинг қурилиши саёҳат қилувчиларни жойлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратишда ёрдам беради. Шунингдек, бу туристик хизматлар спектрининг кенгайиши, меҳмонхона хизматлари диверсификацияси ва ривожланишига туртки беради”.
Бош вазир ўринбосари кичик меҳмонхоналар иқтисодий жиҳатдан меҳмонхона хизматлари бозори конъюктурасидаги ўзгаришларга камроқ боғлиқлиги, уларнинг нархларини тезкор қайта йўналтириш имкони мавжудлигини қайд этди.
“Туризм ривожланган мамлакатларда кичик меҳмонхоналар улуши рақамли фонд сегментининг катта қисмини эгаллайди. Масалан, Ғарбий Европада – 60 фоиз, Малайзияда – 70 фоиз ва Янги Зеландияда – 80 фоиз. Европа Иттифоқида 50 хонагача бўлган рақамли фондга эга кичик отеллар сони барқарор ўсмоқда ва бугунга келиб 200 мингтани ташкил қилмоқда. Туркияда 1990-йиллар охирида - туристик “бум” даврида сайёҳлар учун жойлашув воситалари етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш учун худди шундай чоралар қабул қилинган – кичик ва ўрта тоифали меҳмонхоналар қурилиши фаоллаштирилган. Бугунга келиб у ерда 30-50 ўринли меҳмонхоналар хизмат кўрсатмоқда”, - дейди у.
Кичик меҳмонхоналар ва хостеллар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида қурилади, лойиҳалар эса “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ томонидан хорижий, энг аввало Туркия ва Корея Республикаси лойиҳалаштириш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Кичик меҳмонхоналар ва хостеллар лойиҳаси инвестор-тадбиркорларга беминнат асосда тақдим этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари кичик меҳмонхоналар ва хостеллар қурилиши учун ҳар ой 5 тадан кам бўлмаган “жозибали” ер участкаларини «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдонига қўйишлари керак бўлади.
Ер участкаларини тақдим этиш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал қилиш, шунингдек буйруқбозликка йўл қўйилмаслиги бўйича оператив чоралар қабул қилиш учун Ҳукумат комиссияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари минтақавий комиссиялари тузилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси янги меҳмонхоналарни очган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг сайёҳлар билан тўлишини таъминлашга йўналтирилган маркетинг режасини амалга оширади. Шунингдек меҳмонхоналар қуриладиган шаҳар ва туманлар туристик салоҳиятини тарғиб қилиш учун пресс-турлар ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
22:36 / 26.09.2024
Чирчиқ дарёсининг 6 км қисмида дам олиш ҳудуди барпо этилади
15:05 / 02.09.2024
Намангандаги Нанай қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди
23:17 / 08.08.2024