Швейцария ҳукумати Ўзбекистон марҳум президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли 800 миллион франкни ўзида сақлашни истамаяпти. Пулларни Ўзбекистонга қайтаришга ҳам шошмаяпти.

«Швейцария ноқонуний йўл билан топилган бойликни ўзида сақлаб туришдан манфаатдор эмас», деб жавоб берди DW’нинг  Ўзбекистон марҳум президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли 800 миллион швейцария франкига яқин активларга нима бўлиши ҳақидаги саволига Швейцария ТИВ.

Гулнора Каримованинг ўзи анчадан буён Ўзбекистонда панжара ортида бўлиб, бу борада аниқ маълумотлар кам. Шу билан бирга, Европада Каримова иши ҳали-бери якунланмайди, чунки асосий масала – унинг Швейцариядаги активларини нима қилиш кераклигига жавоб топиш лозим.

Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовага  2012 йилда эътибор қаратганди. Аввалига унинг ёрдамчисига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.

Кейинроқ Гулноранинг ўзи, унинг собиқ турмуш ўртоғи ва яна икки нафар ходимаси тергов остига тушди. Тергов хориж телекоммуникация компанияларининг ўзбек бозорига кириш ҳуқуқини олиш учун пора сифатида берган маблағлари Швейцариядаги Гулнора билан боғлиқ ҳисоб рақамларига келиб тушган деган хулосага келди. Каримованинг Швейцариядаги маблағи, мулки ва қимматбаҳо буюмларига тақиқ қўйилди.

2018 йилда жиноий иш бўйича олдинга силжиш бўлди: май ойида Швейцария прокуратураси Каримованинг собиқ эри ва ходималаридан бирига нисбатан жазо қарори чиқарди. Улар иккиси ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлиб, иқтисодий жиноятлари учун Ўзбекистонда узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилишган. 2016 йил охирида Ўзбекистонга келган швейцариялик терговчиларнинг терговларидан сўнг маҳкумлар Швейцариядаги ўзлари билан боғлиқ ишлар тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилишига рози бўлишди ҳамда судга қадар Швейцария  банкларидаги қарийб 700 миллион франк маблағлари мусодара қилинишига рухсат беришди.  

Гулнора Каримованинг женевалик адвокати Грегуар Манжа бу қарорга норозилик билдирди. У ўз баёнотларида маҳкумлар ўзларининг Ўзбекистондаги келажаги мусодара қилинган пулларнинг ватанга қайтарилишига боғлиқлигидан келиб чиқиб иқрорлик кўрсатмаси беришганини билдирди.

Аммо 2018 йил ёзида Швейцария федерал жиноий судининг кассацион коллегияси адвокатнинг шикоятини рад этди. Эндиликда, Швейцария прокуратурасининг DW’га билдиришича, жиноий ишни мантиқий якунига етказиш учун суд коллегиясининг қолган тўрт айбланувчига нисбатан қарорини кутиш керак бўлади.

Иш расман ёпилмаган бўлса-да, Швейцария пулларни Ўзбекистонга қайтаришга тайёргарлик кўра бошлади. Бу мамлакатнинг ташқи сиёсат тамойили – ноқонуний йўл билан топилган маблағларни келиб чиқиш мамлакатига топшириш тамойилига мос келади, дея изоҳ берди ТИВ.