Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент шаҳрида Ажу университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ажу университетининг (Корея Республикаси) Тошкент шаҳрида Ажу университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.
Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг истиқболларига мувофиқ қурилиш, архитектура, электротехника, иқтисодиёт соҳаларида ва бошқа талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
қурилиш, архитектура, электротехника, иқтисодиёт соҳаларида ва бошқа талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган янги таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
мутахассислар, илмий кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва фан узвийлиги ва узлуксизлиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълим ҳамда илмий ҳамжамиятига интеграциялаш асосида ривожлантириш;
меҳнат бозорида мавжуд муаммо ва эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда қурилиш, архитектура, электротехника, иқтисодиёт соҳаларида ва бошқа талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;
педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, ўқитишнинг педагогик услублари ва технологияларини фаол такомиллаштириш;
таълим ва илмий-техникавий соҳаларда хорижий мамлакатлар, аввало, Корея Республикасининг етакчи таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
Қайд этилишича, Ажу университети (Корея Республикаси):
Университетнинг ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш;
Университетнинг мутахассислари ва профессор-ўқитувчилари таркибининг, шу жумладан, чет элда малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;
Университет кутубхона фондини шакллантириш ва уни замонавий ўқув, ўқув-услубий ва илмий-техникавий адабиётлар билан тўлдириш, шунингдек, Ажу университети (Корея Республикаси) ресурслар базасидан фойдаланиш имкониятини тақдим этган ҳолда замонавий ахборот-ресурс марказини ташкил этишга кўмаклашади.

















