Жаҳон | 12:38 / 05.12.2018
66009
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияга ракета битими бўйича ультиматум қўйди. Кремль жавоб қайтарди

Фото: AFP

Россия 60 кун ичида Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимни бажаришга қайтмаса, АҚШ ундан чиқиб кетади. Бу ҳақда 4 декабрь куни Брюсселда АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

«Ушбу 60 кун мобайнида биз Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битим доирасига кирувчи тизимларни ишлаб чиқармаймиз, синовдан ўтказмаймиз ҳамда жойлаштирмаймиз. 60 кундан кейин нима содир бўлишини кўрамиз», - дея қўшимча қилиб ўтди Помпео.

Фото: AFP 2018 / John Thys

Давлат департаменти раҳбарининг таъкидлашича, бу позиция АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчилари томонидан қўллаб-қувватланди, улар билан Брюсселда ракета битими масаласи муҳокама қилинган. «Бу борада [НАТО аъзолари орасида] тўлиқ бирдамлик бор», - дея таъкидлаб ўтди АҚШ давлат котиби.

Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар бундан аввал бир неча марта Россияни Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимга амал қилишга чақирган, аммо «ҳозиргача улар буни қилаётганига оид ҳеч қандай белги йўқ».

Ўз навбатида, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова бу борада баёнот билан чиқди.

Фото: Сергей Фадеичев/ТАСС

Унинг маълум қилишича, Россия Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимга амал қилиб келмоқда.

«Россия бу битим бандларига қатъий риоя қилади ва Америка томони буни билади», - деди у, АҚШ давлат котиби Майк Помпео томонидан қўйилган ультиматумга изоҳ бериб.

Мавзуга оид