Visual Capitalist инфографикасига бағишланган материалда АҚШ бозорига калийли ўғитлар етказиб берувчи асосий мамлакатлар кўрсатилган. Маълумотлар АҚШ Геология хизмати — USGSʼнинг Mineral Commodity Summaries 2026 йиллик шарҳига асосланган.

Ҳажмлар калий оксиди — K₂O ҳисобида келтирилган. Бу турли хил калийли ўғитларни таркибидаги калий миқдори бўйича таққослаш имконини беради.

q53Eb0C9m2ZNjPAsOJ
© Visual Capitalist

Канаданинг устунлиги нимада?

Канада дунёдаги энг йирик калийли ўғитлар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Ишлаб чиқаришнинг катта қисми калийли тузларнинг улкан захираларига эга Саскачеван провинциясида жойлашган.

Канаданинг АҚШ қишлоқ хўжалиги ҳудудларига яқинлиги ва ривожланган темирйўл тармоғи етказиб беришни енгиллаштиради. Саскачеванда жойлашган йирик ишлаб чиқарувчи Nutrien ўзининг Шимолий Америка транспорт тармоғи орқали АҚШ бўйлаб калийли ўғитлар етказиб беради.

Маҳсулотни қуруқлик орқали ташиш имконияти канадалик етказиб берувчиларга денгиз йўлларидан фойдаланадиган рақобатчилар олдида логистик устунлик беради.

Беларусдан харид қилиш режаси

Материалда келтирилишича, 2026 йил сентябрида АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Беларусдан Канада маҳсулотига нисбатан арзонроқ нархда калийли ўғитлар харид қилиш бўйича йирик келишув устида ишлаётганини билдирган.

Бироқ Беларус маҳсулотини Америка бозорига етказишда қатор тўсиқлар мавжуд. Мамлакат денгизга тўғридан тўғри чиқиш имконига эга эмас, Европа экспорт йўналишларидан фойдаланишда чекловларга дуч келмоқда ва Россия транспорт инфратузилмасига сезиларли даражада боғлиқ.

Бундан ташқари, Беларус калийли ўғитларининг Хитой, Бразилия ва Ҳиндистон каби йирик харидорлари бор. Бу АҚШ бозорига қисқа муддатда йўналтириш мумкин бўлган маҳсулот ҳажмини чеклайди.

Беларус ўғитлари Канада маҳсулотига нисбатан узоқроқ ва мураккаброқ йўлни босиб ўтиши керак. Шу сабабли харид нархининг пастлиги америкалик истеъмолчилар учун якуний нарх ҳам арзон бўлишини англатмайди.