Жаҳон | 07:30 / 05.12.2018
7574
1 дақиқада ўқилади

Чилида Пиночет диктатураси вақтидаги 53 нафар собиқ агентга жазо ҳукми чиқарилди

Аугусто Пиночет/Фото: globallookpress.com

Чилининг DINA махсус хизматининг 53 нафар собиқ агенти генерал Аугусто Пиночет ҳарбий диктатураси вақтида содир этган жиноятлари учун турли муддатларга қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

VTV каналининг хабар беришича, улар Чили суди томонидан 1976 йилда коммунистик партиянинг 8 аъзосини ўлдиришда айбдор деб топилган. Коммунистлар махсус операция натижасида ўғирланиб, кейин ўлдирилган.

Собиқ агентлар бу жиноятларда иштирок этгани даражасига қараб 3 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси олган.

Генерал Пиночет 1973 йилда Чилидаги ҳарбий тўнтарувга бошчилик қилган, сўнгра ҳокимиятни ўз қўлига олиб, уни 1990 йилдагина фуқаролик ҳукуматига топширган. Пиночет бошқаруви вақтида Чилида сиёсий сабаблар билан деярли 3,2 минг киши ўлдирилган, 1,2 минг киши бедарак йўқолган, 28 минг киши қийноққа солинган. Пиночетнинг ўзига нисбатан жиноий иш қўзғатилган, бироқ у 2006 йилда вафот этган. 

Мавзуга оид