Спорт | 12:57 / 06.12.2018
10488
3 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: Менинг услубим ҳимоявий эмас

Бугун, 6 декабрь куни Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси биносида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Журналистлардан бири мураббийдан ўтган йиғинлардан кейин Осиё кубогига қанчалик тайёрлиги ҳақида сўради.

«Ўртоқлик ўйинларига ҳам, расмий ўйинларга ҳам бир хил ёндашаман. Лекин баъзи ўртоқлик ўйинларида кўзланган мақсадга эришилмади. Баъзи ўйинларда ўхшади. Масалан, Шимолий Корея ва Қатарга қарши ўйинлар. Ўтказилган 6та ўртоқлик учрашуви ҳам синов эди.

Ўйинимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, бу натижага эришишга қаратилган ўйин. Масалан, жаҳон чемпиони бўлган Франция ҳам ҳимоявий ўйнади. Кўпчиликка ёқмаган ўйин услуби, лекин натижа берди.

Менинг ўйин услубим ҳам кўпларга ёқмаган бўлиши мумкин. Лекин бу услуб жамоага мос келмаса, ўзгартириш киритаман. Мен хато қилсам, ўз вақтида тан олишни биламан.

Масалан, Осиё Кубогида бошқачароқ ўйин услубини намойиш этишимиз мумкин. 

Ўйиндан олдин қайсидир рақиб қоғозда кучсиз бўлиши мумкин. Лекин рақибни менсимаслик керак эмас. Биз барча рақибга бир хил ёндашамиз. Менинг тактикам ҳимоявий эмас. Менга ҳимоя қилиш ҳам ёқади, ҳужум қилиш ҳам ёқади. Лекин ҳамиша яхши ҳимояланиш зарур. 

Хавотир олмасангиз бўлади, бизда ҳамиша Б план бўлади. Рақиб ўйинидан келиб чиққан ҳолда вазият бўлгани заҳоти ҳужумга ўтишга уринамиз.

Жанубий Кореяга қарши ўйинда эса ўйинимиз яхши чиқмади. Ҳимоя ва ҳужумда мувозанат бўлмади», дея мураббийнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Матбуот анжуманида Эктор Купер терма жамоа Осиё Кубогига ғолиб бўлиш мақсадида йўл олишини маълум қилганди.

Маълумот учун, январь ойида БАА майдонлари мезбонлик қиладиган Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси F гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоаларига қарши ўйинларда майдонга тушади. Купер шогирдлари турнирдаги илк ўйинни 9 январь куни Уммонга қарши ўтказади, 13 январь куни Туркманистонга қарши баҳс бўлиб ўтади. Японияга қарши 17 январь кунига белгиланган ўйин эса гуруҳ ғолиби ким бўлишини аниқлаб бериши кутилмоқда.

Мавзуга оид