Ўтган 11 ой давомида Марказий карантин лабораториясига импорт қилинаётган маҳсулотлардан 44 041 намуна экспертизадан ўтказилди. 85 та ҳолатда 10 турдаги карантин зарарли организмлари аниқланиб, 120 минг тонна зарарланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва 10,5 миллион дона зарарланган кўчатнинг ҳудудга кириб келиши олди олинди. 7 декабрь куни  «Ўздавкарантин» инспекцияси томонидан ўтказилган “Фитосанитар хавфсизликни таъминлаш – мамлакат экспорт салоҳиятини оширишнинг долзарб омили” мавзусидаги матбуот анжумани доирасида шу ҳақида маълум қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирни  «Ўздавкарантин» инспекцияси бошлиғи И.К. Эргашев очиб берди. Унинг сўзларига кўра, Президентнинг соҳани ривожлантиришга қаратилган 1 та фармони, 5 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори қабул қилинди ва 5 та Низом тасдиқланди. Шу билан бирга, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири тақдим этилди, 8 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Тадбирда инспекторларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида уларнинг моддий-техник таъминоти тубдан яхшиланаётгани таъкидланди. Коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ходимларнинг иш ҳақи бир неча баравар оширишга муваффақ бўлингани айтилди. Шу ўринда инспекторларнинг махсус кийим-бош билан таъминланаётгани қайд этилиб, формалар намойиш этилди.

И.К.Эргашевнинг таъкидлашича, Президент қарори билан карантин инспекторлари учун рейтинг тизими тасдиқланди. Энди инспекторлар соҳадаги ислоҳотлар ҳақида ойда бир марта оммавий ахборот воситалари орқали маълумот беришлари керак бўлади.

Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида замонавий карантин лабораториялари фаолияти йўлга қўйилиши таъкидланди.

Тадбирда тез орада Ўзбекистонга Япония ва Корея Республикасининг замонавий ускуналарини олиб кириш, хизматларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш режалаштирилгани таъкидланди.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда маҳсулотларни экспорт ва импорт қилиш бўйича талаб этиладиган барча сертификатлар, карантин рухсатномалари халқаро стандартларга мослаштирилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жами 120 та ўсимликлар клиникалари ташкил қилинган.