Жаҳон | 11:46 / 09.12.2018
7749
2 дақиқада ўқилади

Трамп ўз маъмурияти бошлиғини ишдан бўшатди. Бу президент жамоасидаги 28-истеъфо

Фото: REUTERS

АҚШ президенти маъмурияти бошлиғи Жон Келли истеъфога чиқади. Бу ҳақда президент Дональд Трамп маълум қилган.

Трамп Келлини «зўр йигит» деб атаган ва ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган. АҚШ президенти маъмуриятининг янги раҳбари «яқин кунлар»да маълум қилинади.

Трамп маъмурияти раҳбарлиги учун асосий номзод Ник Айерс ҳисобланмоқда, айни вақтда у АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг аппаратини бошқармоқда. 

Журналист Боб Вудворднинг «Қўрқув. Трамп Оқ уйда» деб номланган, сентябрь ойида нашрдан чиққан китобида айтилишича, Жон Келли бир сафар Трампни «тентак» деб атаган. Кейинроқ Келли бу маълумотни рад этиб чиқди.

Келлининг истеъфога чиқарилиши ҳақида бир неча ҳафта аввалроқ гапирила бошланганди. Хабарларда у Трампнинг рафиқаси — Мелания билан зиддиятга боргани айтилган.

Маълумот учун, Трамп президентлик лавозимини эгаллаган 2017 йил январидан буён унинг администрациясини жами 28 киши тарк этди.

Мавзуга оид