Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Депутатлар ишни «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан қўшма аксилтеррор ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2008 йил 28 август) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини кўриб чиқишдан бошладилар.
Қайд этилганидек, 2008 йилнинг 28 августида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси томонидан бир қатор ҳужжатлар, шу жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан аксилтеррор ўкув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Битим ҳам имзоланган эди. Битим қоидаларига кўра, бундай ўқув машғулотларини ўтказишдан мақсад — Томонларнинг ҳудудларида террорчилик ҳаракатлари содир этилганида ёки шундай хавф-хатар пайдо бўлганида қўшма ҳаракатларни амалга ошириш учун махсус аксилтеррор тузилмаларни тайёрлашдан иборат.
Депутатлар нафақат мамлакатимиз, балки минтақада хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида бу борада халқаро тажриба алмашиш ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари аксилтеррор бўлинмаларининг террорчи гуруҳ аъзолари фаолиятларини бартараф этиш бўйича махсус операцияларини ўтказишда мувофиқлаштирилган ҳаракатларини такомиллаштириш заруратини инобатга олган ҳолда, ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар ва уни ёқлаб овоз бердилар.















