Ирландия оролидаги чегара муаммоси ҳал бўлмагани боис Британия парламентида мамлакатнинг ЕИ таркибидан чиқиши бўйича келишув борасида 11 декабрь кунига режалаштирилган овоз бериш ўтказилмайди. Бу ҳақда Британия бош вазири Тереза Мэй маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ирландия билан чегара масаласида ноаниқликлар мавжуд.
«Агарда эртага овоз бериш ўтказиладиган бўлса, келишув кўпчилик овоз билан рад этилади. Шунинг учун эртага ўтказилиши режалаштирилган овоз бериш кейинроққа сурилади», деди Мэй.
У шунингдек, Brexit бўйича такрорий референдум ўтказилишини қўллаб-қувватламаслигини айтди.
«Агарда биринчи референдум натижаларини қайта кўриб чиқиш учун такрорий референдум ўтказишни истаётган бўлсангиз, бу мамлакатнинг янгитдан бўлиниб кетишига олиб келади», деди у парламентдагиларга мурожаат қилиб.
















