Рўйи заминда бир никоҳ бузилганда Арши аъло ларзага келади...
Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа, натижа эса амалда бошқача тус олмоқда.
Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади, ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти”дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Кун.узʼга тақдим этган маълумотига кўра, 2018 йил апрель–сентябрь ойларида 18.521 нафар ажрашиш арафасида турган оилаларда турмушнинг бузилишига сабаб сифатида қуйидаги омиллар кўрсатилган:
- 48,4 фоиз — эр-хотин ўртасидаги маиший келишмовчиликлар;
- 17,4 фоиз — қайнона, қайнота ёки учинчи шахс, умуман бошқаларнинг оила ишига аралашуви;
- 5,3 фоиз — бепуштлик;
- 6,3 фоиз — моддий етишмовчиликлар, турмуш ўртоғининг ишсизлиги ва иқтисодий муаммолар;
- 5,5 фоиз — ичкиликбозлик ва бошқа зарарли одатлар оқибати;
- 3,5 фоиз — ички ва ташқи миграция;
- 11,3 фоиз — бошқа турли сабаблар.
Ижтимоий тармоқда “Оилавий ажримларга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?” саволи билан ўтказилган кичик сўровномада ҳам тармоқнинг аксарият фойдаланувчилари урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик кабиларни санаб ўтишди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.














