Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Ғузор туманидаги қуруқ дашт ўрнида қурилаётган заводни бориб кўрди.
«Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 13 декабрь куни бу ерга яна бир бор ташриф буюрди. Фақат бу гал манзара умуман бошқача. 135 гектардан зиёд майдонда қурилиш ишлари қизғин. Темир-бетон пойдеворлар қўйилиб, эстакадалар кўтарилган. Улкан автокранлар ўрнатилиб, мураккаб ускуналарни йиғиш бошлаб юборилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Завод дунёдаги етакчи лицензиар компаниялар – Sasol (ЖАР), Haldor Topsoe (Дания) ва Chevron (АҚШ) технологияси асосида барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари бош пудратчи – Корея Республикасининг Hyundai Engineering Co. Ltd. ва Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd, Сингапурнинг Enter Engineering Pte. Ltd. компаниялари томонидан олиб борилмоқда. Қурувчи ва пайвандчиларнинг кўпчилиги маҳаллий ёшлар ҳисобланади.
Мажмуа учун зарур 11 мингдан ортиқ технологик ускуналар Япония, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Хитой, Россия каби 21 давлатдаги 126 заводда тайёрланмоқда.
«Бундай иш ҳажми бежиз эмас. Табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи (GTL) олиш жуда ноёб жараён бўлиб, юқори технологиялар ва мураккаб илмий ечимларни талаб этади. Ҳозирда дунёда бундай заводлар атиги бешта, ўзимизнинг Шўртандагиси олтинчиси бўлади», дейилади хабарда.
Мазкур улкан лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ долларига тенг. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Булар 311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизел ёнилғиси, 431 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газдир.
Табиий газ шунчаки хомашё сифатида эмас, қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади.
1000 куб метр табиий газ экспорт нархи ҳозирги кунда 155 доллар атрофида бўлса, бўлғуси заводда шунча газни қайта ишлаш орқали 300 долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Йилига ҳисоблаганда, табиий газдан кўра тайёр GTL маҳсулотларидан кўриладиган қўшимча даромад 576 миллион доллардан ошади.
«Яна бир муҳим жиҳати – завод маҳсулотлари ҳозирда четдан импорт қиланаётган хомашёлар ўрнини қоплайди. Бунинг эвазига йилига нефть сотиб олишга кетадиган 1 миллиард доллардан ортиқ валюта маблағлари иқтисод қилинади. Завод ишга тушгач, 1 минг 300 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланади», дея қайд этилган президент матбуот хизмати хабарида.
Президент мажмуа қурилишини кўздан кечириб, пудратчи ва инвесторлар билан суҳбатлашган.



















