Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан такомиллаштириш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда олий таълим муассасалари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш жараёнларини мувофиқлаштириш мақсадида Олий таълим тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

Олий таълим тўғрисидаги низомга кўра, олий таълим узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури бўлиб, олий таълим муассасаларида умумий ўрта (11 синф) ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими амалга оширилади.

Олий таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

олий таълимни иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилганлиги;

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;

олий таълимни умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртидан кейинги таълимлар билан узлуксизлиги ва узвийлиги;

таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;

давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

олий таълим тизимида давлат ва жамият бошқарувини уйғунлаштириш;

олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш.

Мамлакатнинг истиқболини ҳисобга олган ҳолда замон талабларига жавоб бера оладиган малакали, рақобатбардош, юксак билимли, республиканинг илм-фан, маданият, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли мутахассисларни тайёрлашдан олий таълимнинг асосий мақсади ҳисобланади.