«Робототехника» атамаси ҳақида эшитганмисиз? Бу – роботларни ясаш, дастурлаш, муҳандислик йўналишларини ўргатувчи соҳа бўлиб, Ўзбекистон учун «неотушунча» ҳисобланади. Робототехникани ўргатувчи мактаблар бор. У ерда болаларга чуқур билим берилади, лекин фақат пойтахтлик болалар учун. Секин-асталик билан бўлсада, Ўзбекистонга ҳам робототехника кириб келяпти ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун илк пойдевор қўйилмоқда. Сизнингча, ахборот технологияларини ривожлантириш фақат маблағ масаласи билан боғлиқми? Kun.uz суҳбатдоши Давронбек Тошпўлатов бир неча йиллардан бери болаларга робототехникани ўргатиб келади. Унинг фикрича, ривожланишнинг асосий йўли барча соҳаларни ахборотлаштиришдир. Ўзбекистон шароитида бунинг иложи борми? Дастурчи бу борада ўз таклифларини берди ва соҳадаги ўткир муаммоларга тўхталиб ўтди.

— Ўзбекистонда ахборот технологияларини ривожлантириш фақат маблағ масаласи билан боғлиқми?
— Йўқ, албатта. Биз соҳалар ривожини катта валюта орқали кўрамиз. Аммо бошқа факторлар ҳам борки, уларни инобатга олмасликнинг иложи йўқ. Энг катта хатомиз - инноватив ғояларни қандай татбиқ қилишни билмаслигимизда. Ахборот технологияларидан Ўзбекистон иқтисодиёти мисли кўрилмаган фойда олиши мумкинлигини ўтган даврни қўмсовчи айрим ҳукумат органлари ҳали ҳам тушуниб етишмаган.
— Юқори технологиялашган жамиятни қуриш учун қандай мақбул йўл танланиши керак?
— Болаларга эрта ёшданоқ робототехника сирларини ўргатиш керак. Мактаб дарсликларига фан сифатида киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда жаҳонда тан олинган STEM (science, technology, engineering, mathematics) фанларига ихтисослашган мактабларни ташкил қилиб, у ерда назария ва амалиёт тўғри ташкил қилиниши керак, яъни 70 фоиз амалиёт бўлса, қолгани назариядан иборат бўлиши кифоя қилади. Шу орқали ўқувчиларга дастурлаш, конструкторлик, муҳандислик билимларини чуқурроқ ўргатамиз. Натижада, бўлажак дастурчи, ихтирочи кадрларни маҳаллий шароитда етиштириш имкониятимиз оз бўлса-да, кўпаяди.
— Маҳаллий шароитда етарлича имконият мавжуд, деб ўйлайсизми? Буни хомхаёл деб ўйлаётганлар ҳам бор.
— Аксинча, бизнинг имкониятларимиз бошқаларникидан анча юқори. Ўзбек ёшлари аниқ ва табиий фанлар бўйича халқаро олимпиадаларда олий ўринларни қўлга киритиб келишади. Дунё рейтингида уларнинг салмоғи анча юқори. Ҳайрон қоладиган жиҳати шундаки, бизда шунча иқтидорли кадрлар бўла туриб, уларнинг билими фақат назария билан чекланяпти, амалиётда фойдаланилмаяпти















