Ёшлар иттифоқи пресс клубида «Demo Day» – «Стартап ғоялар» дастурининг финал босқичи ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Финал босқичида ҳакамлар ҳайъати ва инвесторлар томонидан қуйидаги лойиҳалар энг яхши деб топилди:
«Little Big Media» - тадбиркорларга ўз маҳсулоти рекламасини бевосита супермаркет аравачасининг ўзида бериш хизматини таклиф этади. Бунда истеъмолчи харид чоғида аравачага ўрнатилган гаджетда маҳсулотлар рекламасини кўради ва ўша пайтнинг ўзида харид қилиши мумкин бўлади. (ғоя муаллифи Ҳумоюн Ғуломов).
«Startupmarket.uz» - ҳозиргача яратилган ва яратилажак лойиҳалар ҳақида маълумотларни ягона порталга жамлаш, стартапер ва ҳомийлар ўртасида узлуксиз алоқани таъминлашни мақсад қилади (ғоя муаллифи Улуғбек Исматов).
«UniBus» - жамоат транспортларида қанча йўловчи чиққанлиги, улардан қанчаси ойлик тўлов чиптасидан фойдаланишини назорат қилувчи қурилма ўрнатишни кўзда тутади. Бу йўлкирадан келадиган тушумнинг тўлиғича ғазнага тушишини, чиптачи ва ҳайдовчи аралашувини чеклашни таъминлайди (ғоя муаллифи Шаҳзод Умрзоқов).
«Innogroup» - жисмоний имконияти чекланганлар учун бионик қўл яратишни кўзда тутган бўлиб, сунъий интеллект орқали бошқарилади. Мазкур ускуна имконияти чекланганларга қулайлик яратади (ғоя муаллифи Алибек Жуманиязов).
«Scratch» – визуал ўйинлар орқали болаларга дастурлаш ва ахборот технологиялари билан ишлашни ўргатишни назарда тутади. Бу дарс жараёни қизиқарли ўтиши ва ўқувчиларда IT бўйича кўникма шаклланишига асос яратади (ғоя муаллифи Александр Горовик).
Юқоридаги беш лойиҳа 40 миллион сўм билан рағбатлантирилди, ғоя муаллифларига смартфон ҳамда бизнес ва ривожланиш бўйича семинарларда бепул қатнашиш имкониятини берувчи сертификат топширилди. Бундан ташқари, инвесторлар ўзларига маъқул бўлган лойиҳага ҳомийлик қилишлари мумкин.
«Стартап ғоялар» БМТнинг тараққиёт дастури (UNDP) ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ҳамкорлиги доирасида йўлга қўйилган дастур бўлиб, у олий таълим муассасаси талабалари ва ёшларнинг стартап лойиҳалари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва йўлга қўйишга ёрдам беришни мақсад қилади.















