Табиий сув ҳавзалари маҳсулдорлигини оширишда балиқлантириш меъёрлари тасдиқланди
Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан Табиий сув ҳавзалари маҳсулдорлигини оширишда балиқлантириш меъёрлари ва технологияси тасдиқланди.
Табиий сув ҳавзалари маҳсулдорлигини оширишда балиқлантириш меъёрлари ва технологиясига кўра, ҳар бир табиий сув ҳавзасининг биологик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда табиий сув ҳавзаси тегишли ўсимликхўр балиқлар билан балиқлантирилади.
Табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш бошланган вақтдан кейин 3 йил давомида ҳар йили 1 гектар сув ҳавзаси камида 50 дона ўсимликхўр балиқларнинг чавоқлари билан балиқлантирилиши лозим. Бунда ўсимликхўр балиқлар чавоқларининг оғирлиги 20 граммдан кам бўлмаслиги керак.
Табиий сув ҳавзаларининг қирғоқларида балиқ чавоқларини етиштириш учун чавоқ ҳовузлари ташкил этилиши мумкин. Бунда ҳар бир чавоқ ҳовузларининг майдони 0,5 гектардан кўп бўлмаслиги лозим.
Табиий сув ҳавзаларини балиқлантириш мақсадида сувга ташланадиган балиқ чавоқларининг сони ва оғирлиги қуйидагича аниқланади:
балиқ чавоқларини етиштирувчи ташкилотнинг тегишли мутахассиси ҳамда тегишли туман (шаҳар) ветеринария бўлимининг ихтиопатологи иштирокида ўлчаш сиғимига ихтиёрий миқдордаги балиқ чавоқлари олинади;
сиғимга олинган балиқ чавоқларининг табиий сув ҳавзасини балиқлантиришга яроқлилиги ҳамда касаллик аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланади;
табиий сув ҳавзасини балиқлантиришга яроқли ҳамда касаллик аломатлари мавжуд эмас деб топилган балиқ чавоқларининг оғирлиги ўлчанади, уларнинг сони саналади, шунингдек ҳар бир балиқ чавоғининг вазни аниқланади.
Табиий сув ҳавзасини балиқлантиришга яроқли ҳамда касаллик аломатлари мавжуд эмас деб топилган балиқ чавоқларини ташиш тирик балиқ ташишга мўлжалланган махсус транспорт воситасида амалга оширилади.
Бунда, махсус елим халтанинг ҳажмидан келиб чиқиб учдан икки қисми балиқ чавоқлари яшаб турган сув билан тўлдирилади ва балиқ чавоқлари ташланади, шунингдек халта герметик ҳолда қадоқланади. Герметик ҳолда қадокланган халталар махсус транспорт воситасининг балиқларни ташишга мўлжалланган қисмига жойлаштирилади ва ташиш амалга оширилади.
Табиий сув ҳавзасига балиқ чавоқларини ташлашдан олдин табиий сув ҳавзасининг тегишли ҳудудида мелиоратив ишлар амалга оширилади. Бунда, табиий сув ҳавзасининг тегишли ҳудудидаги сув ўтлари ўриб ташланади.
Табиий сув ҳавзасининг тегишли ҳудудида мелиоратив ишлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг тегишли мутахассислари иштирокида амалга оширилади.
Махсус транспорт воситасида табиий сув ҳавзасига олиб келинган балиқ чавоқларини табиий сув ҳавзасига ташлашдан олдин махсус транспорт воситасидаги сувнинг ҳарорати ва табиий сув ҳавзаси сувининг ҳарорати ўлчаниши зарур.
Табиий сув ҳавзаси сувининг ҳарорати махсус транспорт воситасидаги сувнинг ҳароратидан 5°С фарқ қилганда махсус транспорт воситасидаги сувнинг ҳарорати табиий сув ҳавзаси сувининг ҳароратига тенглаштирилиши лозим.
Махсус транспорт воситасидаги балиқ чавоқларини табиий сув ҳавзасига ташлаш табиий сув ҳавзасининг саёз бўлган қирғоғида амалга оширилади.