Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида қишлоқ хўжалиги вазирининг “Табиий сув ҳавзалари маҳсулдорлигини ошириш мақсадида уларга балиқ ўтқазиш меъёрлари ва технологияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Табиий сув ҳавзалари маҳсулдорлигини ошириш мақсадида уларга балиқ ўтқазиш меъёрлари ва технологияси тўғрисидаги низомда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасидаги табиий сув ҳавзаларини биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу сув ҳавзаларига керакли миқдордаги ўсимликхўр чипор ва оқ дўнгпешона балиқ турларини ўтқазган ҳолда уларни самарали кўпайтириш орқали сув ҳавзаси ҳосилдорлигини ошириш имконини беради.

Катта ҳовузларида ўсимликхўр йирик балиқ овлаш тўдасини ҳосил қилиш ва тезда самарага эришиш учун дастлабки икки-уч йил мобайнида табиий сув ҳавзаларини 1 гектарига камида 50-100 донадан шу йилги дўнгпешоналарни тушириш ҳисобида балиқ ўтқазилади.
 
Республика ҳудудларида балиқ личинкасини ишлаб чиқарувчи йирик инкубация цехлари мавжудлигини ҳисобга олиб, табиий сув ҳавзаларининг бириктирилган ҳудудларида кичик (кўпи билан 0,5 га) яйлов ва чавоқ ҳовузларини ривожлантириш зарур.

Сув ҳавзасига ташланган балиқнинг яшовчанлиги юқори бўлиши учун камида 20 гр. вазндаги балиқ чавоқларини ташлаш тавсия этилади.

Балиқларни сув ҳавзасига ташлашни энг қулай вақти – баҳор ойлари ҳисобланади.

Шунингдек, катта миқдордаги шу йилги балиқларни қишлов муаммосини олдини олиш мақсадида уларни октябрда сув ҳавзасига ташлаш самарали бўлади.

Балиқ маҳсулотини чиқариш (балиқ ўтқазиш) балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларида йиллик балиқчилик-мелиоратив тадбирларни амалга оширишда ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган илмий-тадқиқот муассасалари томонидан берилган тавсиялардан фойдаланиш мумкин.

Балиқ маҳсулоти ҳудудий ветеринария лабораторияси томонидан берилган балиқ маҳсулотининг ихтиопатологик ҳолати ҳақидаги ижобий хулоса мавжуд бўлган тақдирда чиқарилади.

Шўрланган сув ҳавзаларида чавоқларни сақлаб қолиш, сув ўсимликларини ўриш мелиоратив ишлари балиқчилик хўжалиги ходимлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Ҳудудларда табиий сув ҳавзаларига балиқ чавоқларини ўтқазишдан аввал, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари назорати остида мавжуд табиий сув ҳавзаларида мелиорация ишлари амалга оширилади.