Вазирлик мактаб ўқувчилари ота-оналаридан кафолат хати олинаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
Ижтимоий тармоқда пойтахт мактабларининг бирида ўқувчиларнинг қишки таътил кунларида ота-оналардан фарзандларининг ўзларини қандай тутишлари кераклиги ҳақида талаб қилинган кафолат хати сурати тарқалди.
Мазкур хатда таъкидланишича, ота-оналар ўғил-қизларининг компьютер клублари ва масжидларга бормаслиги, пиротехника воситаларини сотиб олмаслиги, улардан фойдаланмаслиги, шунингдек, жамоат тартибини бузмаслиги, ҳамда гуруҳ, оммавий тартиббузарликларда қатнашмаслиги, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик содир этмаслигини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактабларда бюрократизмнинг намоён бўлишини ҳамда ўқувчиларнинг мактабдан ташқари вақтидаги хатти-ҳаракатлари бўйича ота-оналардан кафолат хати талаб қилинишини қўллаб-қувватламайди, дейилади вазирлик ахборот хизмати хабарида.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасида ота-оналар фарзандларини тарбиялашга масъул эканлиги баён этилган. Улар фарзандларининг саломатлиги, ақлий, жисмоний, маънавий ва ахлоқий ривожланиши учун ғамхўрлик қилишлари шарт. Шу боисдан ҳам, ота-оналардан ноқонуний равишда ёзма кафолатларнинг талаб этилиши нотўғри ҳисобланади, дейилади хабарда.
Янги йилни осойишталикда кутиб олиш, мактаб ва хонадонларда ёнғин ҳамда техника хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мактаб раҳбарлари, ўқитувчилар, шу билан бирга ота-оналар ҳам болалар орасида пиротехника билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориши керак.
Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ўсмирлик давридаги инқирозларни, шунингдек, жиноятчиликни келиб чиқишини олдини олиш, ўғил-қизларни Интернет, яъни ахборот майдонидаги таҳдидлардан огоҳлантириш мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг доимий бурчи эканлигини таъкидлайди, деб якунланади вазирлик хабари.
Мавзуга оид
21:00 / 26.01.2023
Таълимдаги ишларимиз нега самарасиз бўлмоқда? — экспертлар билан интервью
22:53 / 24.01.2023
Тошкент шаҳридаги яна 12 та мактабда 25 январдан таълим жараёни бошланади
18:44 / 15.01.2023
Қашқадарёда халқ таълими бўлимининг уч нафар мансабдори қамоққа олинди
07:02 / 13.10.2022