Янги чорак халқ таълими вазирлигига бошқа бир вазирликнинг қўшиб юборилиши ва тизимга янги вазир тайинланишидан кейинги бошланиш экани билан ҳам аҳамиятли.

Kun.uz мухбири бугун халқ таълими, унда ўқувчилар, ота-оналар ва ҳатто ўқитувчиларнинг ўзи ҳам қониқмайдиган сифатсизлик, шу сифатсизликни қандай қилиб сифатлига айлантириш мумкинлиги ҳамда янги вазир энди нима қилиши керак, деган саволлар атрофида таълим экспертлари: Баҳодир Ғаниев, Абдураҳим Носиров ҳамда Тошкентдаги “Лидер” хусусий мактаби директори Феруза Ваҳобова билан интервью ўтказди.

Kun.uz:

— Биз янги тузилма, вазирлик, стратегияларни янгилаш, режалар ҳақида гапиряпмиз-у, бундан аввал ҳам таълимни ривожлантириш бўйича ҳужжатлар жуда кўп қабул қилинган. Бугун уларни ҳисобласак, тонна-тонналаб ҳужжат чиқади.

Хўш, нега шу ҳужжатлар билан ислоҳот қилолмадик, нега улар иш бермади. Ўзбекистонда қабул қилинган ҳужжат, қарор, қонунлар фақат вазирлик биносида қолиб кетавериши, ислоҳотлар пастга тушмаслигининг сабаби нима?

Баҳодир Ғаниев:

— Бу саволнинг жавоби фақатгина таълим тизимига оид эмас. Худди шу вазиятни бошқа бир соҳага ўгирсак ҳам вазият шундай бўлади. Бир гап бор: қоғоз ҳамма нарсани «кўтаради». Ҳар бир қарорни чиқаришдан олдин уни амалга ошириш механизмини ўйлаш керак. Талаб этилаётган барча ресурслар мавжуд бўлиши керак. Ресурслар етарли бўлсагина механизм ишлайди. Тўғрисини айтсам, менимча, бу нарсани қонун-қарор қабул қилаётганлар тушунмайди. Афсуски, мен ҳамма нарса ўйлаб қилиняпти, дея олмайман.

Ҳукуматда бошбошдоқлик бор. Агар президент томонидан имзоланган қарорларнинг биттама-битта ижросини кўриб чиқадиган бўлсак, ярмига яқини жойидан силжимаган бўлиб чиқади. Масалан, президент бир неча йил олдин вазирликлар ва администрация қошида экспертлар ва жамоатчилик кенгашлари тузилиши ҳақида қарор чиқарган, лекин йўқ, бўлмади. Яна бир мисол: президент бадиий адабиётларни чоп этиш ва сотиш тизими йўлга қўйиш кераклиги ҳақида гапирган эди. 6 йил бўлди, лекин бу масалада ярим қадам ҳам олдинга силжиш йўқ. Демак, давлат раҳбари бераётган қарорларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошмаяпти.

Демоқчиманки, қарорлар бор, лекин механизми йўқ. Таълимда ҳам худди шундай. Ҳозирги ҳолатдаги бир мисолни келтирмоқчиман. Кеча бўлиб ўтган президент йиғилишида мактабларга иккинчи чет тилини киритиш ва 64 та касбий йўналишларни киритиш топшириғи бўлди. Ва буни шу йил сентябр ойидан амалга ошириш айтилди. Ўзи «чўлоқ» халқ таълимига асосий дастур сифатини кўтармасдан, ўқув дастурларини қайта кўриб чиқмасдан туриб, бундай қилиш нотўғри. Янги вазирга механизми йўқ, қилиб бўлмайдиган катта юк қўйяпмиз. 64 та касбни қилиб бўлмайди. Энди ҳокимиятларга, туман ҳокимликларига топшириқ тушади, совет тизимидагига ўхшаб тумандаги корхоналарни бириктириш бошланади. Ҳеч қандай натижа бўлмайди.