Жаҳон | 10:41 / 23.12.2018
46123
2 дақиқада ўқилади

National Interest Учинчи жаҳон уруши бошланиши эҳтимоли бўлган ҳудудларни маълум қилди

Фото: AFP

2019 йилда Учинчи жаҳон уруши бошланиб кетиши мумкин бўлган "қайноқ" ҳудудлар Жанубий Хитой денгизи, Украина, Форс кўрфази ва Корея яриморолидир. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий коллежи профессори Роберт Фарли ўзининг The National Interest нашрида эълон қилинган мақоласида ёзмоқда.

Фарлининг фикрича, Жанубий Хитой денгизида бир-бири билан савдо уруши олиб бораётган АҚШ ва Хитой тўқнашиши мумкин. Кураш ҳозирча иқтисодий санкциялар ва божлар кўринишида бормоқда, аммо икки томонлама муносабатлар ёмонлашганидан сўнг бу низо чегарадан чиқиб кетиши мумкин, деб ҳисоблайди муаллиф.

Украина ҳақида сўз борар экан, Фарли Керч бўғозида яқинда юз берган воқеани эслайди. Унинг фикрича, АҚШ ва Россия ўртасида сақланиб қолаётган кескинлик ҳисобга олинса, кичкинагина оғиш ҳам ҳудуддаги мувозанатни издан чиқариб юбориши мумкин.

Профессор учинчи "қайноқ" ҳудуд сифатида Форс кўрфазини тилга олади. АҚШнинг Эронга нисбатан иқтисодий босими ҳамда Яман ва Суриядаги низолар сабабли бу ҳудудда кескинлик ўсиб бормоқда. Муаллиф бу минтақада АҚШ, Россия ва ҳатто Хитой манфаатлари тўқнаш келиши мумкин деб ҳисоблайди.

Муаллиф АҚШ ва КХДР ўртасидаги тинчлик ташаббусларига қарамасдан, Корея яримороли хавфли ҳудудлигича қолаётганини таъкидлайди. Унинг фикрича, Вашингтон ва Пхеньян ўртасидаги муносабатлар дуч келган вақтда ёмонлашиши мумкин, бундан ташқари, Корея масаласида Хитой ва Япониянинг қарашлари турлича.

Мавзуга оид