Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов баъзи иқтисодий ҳақиқатлар мисолида мамлакатдаги айрим масалаларга ўз нуқтаи назарини келтириб баён этади.
Мажбурий обунанинг макроиқтисодиётга таъсири бор. «Ана холос!» — дейсизми?
Йўқ, унинг таъсири ҳисоботларда кўринмайди, албатта. Гап бошқа ёқда — «ихтиёрий» мажбурлаш иқтисодиётдаги ресурсларнинг самарали тақсимланишига тўсқинлик қилиб, ҳамманинг маълум миқдорда қашшоқлашишига хизмат қилади.
Рақамлар шунчалик кичкинаки, уларга ҳеч ким аҳамият бермайди, иқтисодчилар хоҳласалар ҳам, мажбурлов чоралари натижасида иқтисодиётга етаётган зарар ҳажмини ҳисоблай олишмайди.
Дейлик, обунани эмас, чет элдан келган машиналарга бож қўйиб, маҳаллий заводларда чет эл деталларидан ясалган машиналар сотиб олишга сизни мажбурлашди. Божлар ҳам мажбурий, обуна ҳам — булар айни бир нарсалар бўлиб, фарқи иқтисодиётга етадиган зарар миқдорида.
Нима учун божлар билан мажбурий обуна бир нарса?
Чунки икковида ҳам пулингизни қаерга ишлатилишини ўзингиз танламаяпсиз, сизга ихтиёр беришмаяпти. Сиз ўзингиз ишлаб топган пулингизни қаерга ва қандай миқдорда ишлатилишини биров белгилаши иқтисодиётни кичрайтиради. Нега? Чунки муассаса (ким бўлишидан қатъи назар) сизнинг хоҳиш-у истакларингизни сиздан кўра яхшироқ билмайди. Шунинг учун иқтисодиётдаги пул ва ресурслар тақсимоти оптимал даражадан пастроқ бўлади.
Айтайлик, обуна нархи 10 минг сўм бўлсин. У бўлмаганида, сиз бу пулга таксида бир жойга борар эдингиз. Обуна дастидан у жойга бора олмайсиз (обунанинг муқобил харажатлари). Демак, такси ҳайдовчиси ҳам бу пулдан қуруқ қолди, у энди сал камроқ гўшт олади, қассоб эса сал камроқ ун олади, унчи эса сал камроқ шакар олади ва ҳоказо. Бу обуна ҳаммани, ўртача олганда, сал-пал камбағаллаштирди.
Обуна эвазига кимнингдир қозони қайнайди, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин шу билан бирга иқтисодиётдаги пул нотўғри тақсимланган бўлади. Яъни ўз ихтиёрингиз билан пулингизни ишлатганингизда иқтисод сал-пал ўсарди. Зеро, обуна мажбурий бўлмаса ўша ҳеч ким ўқимайдиган газетадаги ишчилар мухбирликдан кўра бошқа касб қилишлари мумкин эди. Инсон ресурслари тўғри тақсимланар эди. Энг муҳими — газета ишчилари сиздан мажбурий равишда олинаётган пул эвазига яшаётгани учун газетанинг сифати устида ишлаш истаги йўқ, чунки уларнинг меҳнати улар чиқараётган газетанинг даромади билан боғланмаган. Чунки сиз ўз хоҳишингиз билан обуна бўлмадингиз-да!














