24 декабрь куни Тошкент шаҳридаги InternationalHotel меҳмонхонасида “Йил аёли-2018” миллий танлови ғолибларини аниқлаш ва уларни тантанали тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.
“Йил аёли-2018” танловининг ҳудудий босқичлари жорий йилнинг 1-10 декабрь кунлари ўтказилиб, унда туман ва шаҳарлардан 800 нафар хотин-қиз иштирок этган. Муайян бир соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилганлиги, изланувчанлиги, эришган ютуқлари, ташаббуслари инобатга олинган ҳолда аниқланган 10 нафардан, жами 140 номзод Республика босқичида иштирок этиш учун тавсия этилган.

Танлов Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан юртимизда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини ошириш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар томонлама намунали бўлган хотин-қизларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг илғор ҳаёт ва иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида 2017 йилдан бошлаб анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Танлов якунларига кўра, Саида Бекназарова “Гран-при” соҳибаси бўлди. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Аудиовизуал технологиялар кафедраси доценти, техника фанлари доктори Саида Бекназаровага мукофотни Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева топширди.


Ғолибнинг 169 та илмий иши хорижий давлатлар ва мамлакатимиз нуфузли журналларда чоп этилган. У 9 та дарслик, ўқув қўлланма, монографиялар муаллифи. Саида Бекназарова - ахборотларни қайта ишлаш, узатиш жараёнларда бир вақтнинг ўзида узлуксиз матн, аудио, видеомаълумотларни йўқотишларсиз сифатли етказиб беришга қаратилган 15 та ЭҲМ дастурий воситасига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан берилган гувоҳномалар муаллифи, Ньютон медали соҳибаси.
Биринчи ўринга Хоразм вилояти Гурлан тумани Халқ таълими бўлимининг маънавий-аҳлоқий тарбия ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш шўъбаси раҳбари Феруза Сафарова муносиб деб топилди. Фарғона вилояти аёллар ва болалар кийим-кечакларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Фурқат асл либослари” хусусий корхонаси раҳбари Умидахон Йўлдошева иккинчи ўринни эгаллади. Самарқанд вилояти Самарқанд Давлат университети Экология кафедраси доценти, фидойи ва малакали устоз, Ўзбекистон қушларини муҳофаза қилиш жамияти аъзоси Лейля Белялова учинчи ўрин соҳиби бўлди.



















