Ўзбекистон | 11:15 / 26.12.2018
14552
2 дақиқада ўқилади

Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда 2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастури ҳам бор.

Дастурга кўра, “Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ–3808-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 8-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси оила масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириш асосида Оила кодексининг оилавий ҳуқуқий муносабатларнинг жавобгарлик мезонларини аниқлаш, алиментларни белгилаш, ажрашиш вақтида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормаларини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар - Адлия вазирлиги, Олий суд, “Оила” маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ. Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддати - 2019 йил сентябрь, Қонунчилик палатасига киритишнинг тахминий муддати - 2019 йил октябрь.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид