Хоразм вилояти Янгиариқ тумани, Гулобод қишлоғининг Собурзон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар 16-сон умумтаълим ўрта мактабида фарзандларининг таълим олиши учун шароитлар оғир экани ҳақида Kun.uz таҳририятига шикоят қилишган эди.
Биз ўқув даргоҳидаги вазиятни ўрганиб, суриштирув ўтказиб, бу ҳақда Янгиариқ туманидаги 16-сон мактаб «Обод қишлоқ» дастури асосида «обод қилинди» номли танқидий мақолани чоп этган эдик.
Шундан сўнг, вазиятга Хоразм вилояти ИИБ ва вилоят прокуратураси аралашди. Мақоладаги фактлар текширилиб, пудратчи корхонанинг иши таҳлил қилинди. Бажарилган ишлар ҳажми ўлчаниб, сарфланган бюджет маблағлари тафтиш қилинди. Мактабнинг таъмирланишида йўл қўйилган камчиликлар бартараф қилинди.

Хусусан, мактаб томининг чакка ўтган жойлари қайта таъмирланиб, яроқли ҳолатга келтирилди.

Спортзал таъмирланиб, пол бўялди, иситиш мосламалари ёпилди. Энди ойналарга темир тўр ўрнатилса кифоя.

Спорт машғулотларидан кейинги кийиниш ва ювиниш хоналарига сантехника ускуналари ўрнатилди, канализацияга уланди.


Физика ва кимё фани кабинети таъмирланиб, тайёр ҳолатга келтирилди. Энди Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабга махсус жиҳозлар, лаборатория ускуналари етказиб берилса, кабинетда тўлақонли дарс ўтиш имконияти ҳам пайдо бўлади.

Мактаб ўқувчилари қўлини ювиши учун раковиналар ва иситувчи мослама ҳам ўрнатилди.
Сифатсиз ўрнатилган ойна ва эшиклар тузатилди. Уларнинг барчаси очилиб-ёпиладиган ҳолатга келди.





















