Ўзбекистон | 10:22 / 27.12.2018
15127
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фонограмма бўйича Конвенцияга қўшилди

Фото: ГТРК "Южный Урал"

Ўзбекистон Республикаси президенти “Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммалари ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияга (Женева, 1971 йил 29 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонунни имзолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 30 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 13 декабрда маъқулланган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммалари ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияга (Женева, 1971 йил 29 октябрь) қўшилди.

Конвенция доирасида белгиланган асосий мажбуриятларга кўра, Ўзбекистон конвенция иштирокчиси ҳисобланган бошқа давлатларнинг фонограмма тайёрловчиларига уларнинг фонограммаларидан носанкциявий нусха кўчирилиши, шунингдек, уларни носанкциявий тарзда тарқатиш мақсадида республикага олиб кирилиши ва мазкур фонограммаларнинг контрафакт нусхаларини унинг ҳудудида тарқатилишидан муҳофаза қилишни ўз бўйнига олади. Худди шу мажбуриятлар конвенцияни имзолаган бошқа давлатлар учун жорий этилган бўлиб, ўз ўрнида мазкур давлатлар ҳудудида ўзбекистонлик фонограмма тайёрловчилар фонограммаларининг тарқатилишида ҳам юқорида назарда тутилган муҳофаза тақдим этилади.

Мавзуга оид