Самарқанд нонлари… Қадимий ва навқирон шаҳарнинг довруғи дунёга достон рамзларидан бирига айланиб улгурган. У хуштаъмлиги, тўйимлилиги ва ўзгача бир чиройи билан машҳур.

Биз Самарқанд шаҳрининг «Галаосиё» маҳалласида қарийб ярим асрдан бери нон пишириш сирларини авлоддан авлодга узатиб келаётган хонадонлардан бирида бўлдик.

Хонадон бекаси Сожида Абдуллоева бизни мамнуният билан қарши олди ва нон тайёрлаш сирлари билан ўртоқлашди:

— Бу нонни тайёрлашнинг бошқалардан яшириладиган ҳеч бир сирли томони йўқ. Шу ун, хамиртуруш, сув, туз билан тайёрланади. Бошқа ҳеч нарса қўшилмайди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Нонни аппаратда 40-50 дақиқада қорамиз. Кейин яна уни қўлда муштлаб чиқамиз. Шакл берилиб, 12–14 соат давомида иссиқ хонада тиндирилади. Сўнгра тандирда ёпамиз.

Ноннинг хуштаъм бўлиши, қизариб бир маромда пишишига сабаб — у газда эмас, мевали дарахтларнинг ўтинида пиширилар экан.

— Эрталаб нонни ёпиб тандирдан узиб бўлгач, ёпиб бўлгач, ўғлим ён-атрофдаги қишлоқларга чиқиб ўтин олиб келиб ғамлайди, — дейди С.Абдуллоева.

Қайд этиб ўтиш жоизки, мазкур хонадон фақат шу касб орқасидан кун кўради.

— Шу хонадонга келин бўлиб тушганимда нон ёпиларди. Раҳматли турмуш ўртоғим билан бирга тайёрлардик. У киши отасидан ўрганган. Мана, ҳозир ўғлим ва келиним билан ҳам ота-касбни давом эттирмоқдамиз. Бу касб билан қизим ва куёвим ҳам шуғулланишади.

Сожида опанинг хонадонида бир кунда 80 дона нон ёпилади — тандирга икки марта. Айрим пайтлар, қўшимча буюртма бўлсагина бундан кўпроқ нон ёпилар экан. Бу ерда ёпилган нонлар дунёнинг турли давлатларига ҳам жўнатилар экан.