Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси порталида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланган, Вазирлар Маҳкамасининг «Мобил қурилмаларни қайддан ўтказиш тартиби ва шартлари ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси рус тилида муҳокамага ташланди.

Ҳужжат лойиҳасида мобил қурилмаларни қайддан ўтказиш тартиби ва шартлари ҳақидаги низом президентнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–5414-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №847-сонли қарорига кўра ишлаб чиқилгани айтилмоқда.

«Мазкур низом билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган мобил телефонлар ва мобил алоқа модулига эга бўлган бошқа қурилмаларни қайддан ўтказиш тартиби ва шартлари тартибга солинади», — дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Ўзбекистонда фойдаланилаётган, олиб кирилаётган, сотилаётган, ишлаб чиқарилаётган ҳамда абонентларга Ўзбекистон ҳудудида GSM, UMTS ва LTE стандартларида мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи мобил телефонлар (масалан, телефон ва смартфонлар) ва мобил алоқа модулига эга бўлган қурилмалар (масалан, ноутбуклар, планшетли компьютерлар, модемлар, банкоматлар, инфокиосклар, ақлли соатлар, телеметрия қурилмалари, ақлли уй ва хавфсизлик тизими элементлари) қайддан ўтказилади.

Маълумот учун: IMEI коди (International Mobile Equipment Identification) — мобил қурилманинг халқаро уникал идентификация номеридир. IMEI код 15та рақамдан иборат ва уни кўриш учун мобил қурилма клавиатурасида *#06# символларини босиш керак. GSMA ассоциацияси Мобил қурилмаларни идентификациялар халқаро маълумотлар базаси (IMEI Db) сифатида танилган уникал тизимни қўллайди, бу база мобил қурилмалар (телефонлар, ноутбуклар, планшетлар ва ҳ.к.) IMEI диапазонлари ҳақидаги асосий маълумотларни ўзида тўплаган марказий маълумотлар базаси бўлиб, бутун дунёда ундан фойдаланилади.