Жаҳон | 11:08 / 30.12.2018
24805
2 дақиқада ўқилади

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарнинг маҳбубасига хати 77 йилдан кейин эгасига етказилди 

Фото: Gerry Broome / AP

Буюк Британияда яшовчи аёл 1941 йилда қаллиғининг унга ёзган мактубини 77 йил ўтиб олди.

99 ёшли Филлис Понтингга Атлантика океани тубидан топилган мактуб етказилди. Мактуб муаллифи Уилтшир полки аскари Билл Уокер бўлган. У Иккинчи жаҳон уруши вақтида кеманинг чўкиши оқибатида ҳалок бўлган.

1941 йилда Филлис Понтинг маҳбубига унга турмушга чиқишга рози эканлиги ҳақида мактуб йўллаган, бироқ жавоб хатини олмаган. Кейинроқ қиз бошқа эркакка турмушга чиққан. Ҳозирда аёлнинг 4 фарзанди ва кўплаб набира-абиралари бор. Аёл журналистлар билан суҳбатда қаллиғи урушдан кейин қайтмагач, унинг ҳалок бўлганини тушуниб етганини айтган.

Аскар маҳбубасига хатида тез орада унга уйланишидан хурсанд эканлиги ҳақида ёзган.

“Мактубни очганимда ёнимда бўлишингни орзу қилдим. Мен уни ўқиб, ўзимни тутиб туролмай ҳўнграб юбордим. Сен менга қанчалик бахт туҳфа қилганингни билсанг эди”, деб ёзилган эди аскар хатида.

Мактуб кемалар чўкишидан кейин сув остида қолган буюмларни қидирувчи Odyssey Marine Exploration компанияси амалиёти давомида топилган. Уокернинг хатидан ташқари, яна 700 га яқин хат топилган. Уларнинг барчаси ҳозирда Лондондаги почта музейида сақланмоқда ва “Денгиз қаъридан овозлар” номли экспозициясининг бир қисмига айланган.

Мавзуга оид