2018 йил сарҳисоби давомида вазирлик, ташкилот, идора ва муассасаларнинг матбуот хизмати тўғри ҳамда батафсил маълумотларни жамоатчиликка етказиб бера олдими, деган савол турибди. Kun.uz таснифида йил давомида самарали меҳнат қилган матбуот (ахборот) хизматлари, шунингдек, очиқ маълумотларни ҳам яширишга интилган, иш самарадорлиги билинмайдиган хизматлар рейтингини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Йилнинг энг яхши матбуот котиби 

Вазифасини сидқидилдан амалга ошириб, зиммасидаги масъулиятни адо этаётган матбуот хизмати - Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова. Ваҳоланки, Бош прокуратура тизимида ўнлаб бошқарма, тузилмалар бўлса-да, Раҳмонова прокуратура ваколати доирасидаги барча сўровга ўз вақтида муносабат билдиради. Унинг ҳар бир муносабати расмий изоҳ сифатида талқин этилади. Прокуратура тизимига оид хабарларни аниқлаштириш учун қилинган барча мурожаатлар қайсидир маънода қаноатлантирилган, яъни савол жавобсиз қолмаган. 

Йилнинг энг фаол матбуот хизмати 

Гарчи бу масалада бир тўхтамга келиш қийин бўлса-да, тан олиш керакки, Комил Алламжонов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси президент матбуот хизмати жамоаси медиа майдонида жонбозлик кўрсатди. Давлат раҳбарининг ташрифлари, унинг иштирокида ўтган йиғишлар, узоқ йиллар кузатилган одатий репортажлардан фарқли равишда, жонли тасвирлар билан бойитилди. 

Президент матбуот котиби лавозимида ишлаган Комил Алламжонов эса давлат аҳамиятига молик ижтимоий-сиёсий масалаларда расмий изоҳ беришни бошлади. Ўқитувчи Диана Еникеева билан юз берган ҳолат юзасида журналистларга брифинг берилди. Бизнингча, буларнинг барчаси таҳсинга сазовор ва ишлар шу зайлда давом этиши керак эди. Албатта, Комил Алламжоновнинг бошқа лавозимга ўтказилиши президент матбуот хизмати фаолиятининг сустлашиб, ахборотларни тўлиқ ва тезкор узатилишига салбий таъсир қилмоқда. 

Йилнинг энг очиқ матбуот хизмати

Бу йўналишда, шаксиз, Адлия вазирлиги ва тизимда сермаҳсул ишни давом эттираётган Адлия матбуот хизмати тан олиниши керак. Гап шундаки, Адлия вазирлигидан маълумот олиш, у ёки бу масала юзасидан изоҳ сўраш нафақат ОАВ вакиллари, балки барча учун ҳам мушкул иш эмас. Қолаверса, вазирлик долзарб маълумотларни «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида мунтазам эълон қилади. Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган вазирлик матбуот хизмати мулоқотларга очиқ, вазирлик ҳузурида бир нечта мустақил тарғибот гуруҳлари шакллантирилган бўлиб, улар қонун ва ҳужжатларни элга тушунарли тилда етказиб берилишига ҳаракат қилади. Шу ўринда Давлат хизматлари агентлиги жамоаси ҳам самарали фаолият юритаётгани, агентлик эса Адлия ҳузурида эканлигини инобатга олсак, Адлия вазирлиги матбуот хизмати энг очиқ хизматлардан биринчиси бўлишга лойиқ.