Синовли дунёнинг ташвишлари кўп. Кимгадир оғир, кимгадир эса машаққат бегона. Орамизда шундай одамлар борки, ҳақиқатан кўмакка муҳтож, яшаш шароити ачинарли. Уларга озгина эътибор, мадад берилса, қўллаб-қувватланса, бундай инсонларнинг қийинчиликларни енгиб ўтиши осон бўлади. Аммо чорасиз қолган инсон эътибордан четда қолса, унга янада қийин бўлиши шубҳасиз.

Kun.uz таҳририятига Бухоро вилояти, Шофиркон туманида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногиронлиги бўлган Мамлакат Содиқовадан мурожаат келиб тушди.

«II гуруҳ ногирониман. Уч нафар фарзандим бор, бири ногирон. Доимий қаровга муҳтож. 2010 йилдан буён фарзандларимни ёлғиз тарбиялаб келяпман, боқувчимиз йўқ. Бошпанамиз йўқлиги туфайли жуда қийналяпмиз. Турли жойларда амаллаб яшаб келмоқдамиз. Туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қиляпман. Аммо менга ҳеч қандай ёрдам берилмаяпти. Совуқ кунларда фарзандларим билан сарсон-у саргардонман. Менга ёрдам берингизлар», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни ўрганиш учун Шофиркон туманига йўл олдик.

Мамлакат Содиқова вақтинча ижарада яшаётган хонадонига кириб борганимизда ҳақиқатан ҳам ҳам аҳвол ачинарли эканлигига гувоҳ бўлдик.

Ҳувиллаб ётган, бирор жиҳози йўқ уч хонали хонадоннинг бир хонасида оила қўним топган. Иситиш тизими мавжуд эмаслиги туфайли уч нафар болалар кўрпаларга ўранганча жон сақламоқда. Шамоллаб қолишибди, бечоралар. Иссиғи кўтарилиб кетаётгани учун она бечора бир ҳафтадан буён ҳар куни «Тез ёрдам»ни чақиришга мажбур бўлаётган экан.

Мамлакат Содиқованинг айтишича, 2010 йилдан буён турмуш ўртоғи билан яшамайди. Алимент ҳам олмайди. Сабаби турмуш ўртоғи бедарак кетган. Ўзи ёлғиз тарбиялаётган фарзандларидан 14 ёшли қизи ва 9 ёшли ўғли соғлом. Аммо 12 ёшли қизининг оёқ-қўли ишламайди, болаликдан ногиронлиги бор. Доимий қаровга муҳтож. Шунинг учун ҳам ишлашга имконияти йўқ. Бошпанаси йўқлиги учун вояга етмаган фарзандлари билан турли жойларга кўчиб, сарсон бўлиб юришга мажбур. Бу масаладаги мурожаатлари ҳокимлик ва турли ташкилотлар томонидан ижобий ҳал этилмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан Шофиркон туман ҳокимлиги мутасаддилари билан суҳбатлашдик.