Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида курсантлар ўртасида “Биз, Темурбек ворисларимиз!” номли кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, унда билим юртининг барча босқичларидан жами саккиз нафар курсант автоматидан нишонга ўқ отиш, автомобиль техникалари меъёрларини бажариш, миллий таомлар тайёрлаш бўйича ошпазлик маҳорати намойиши, “Темур тузуклари” асари бўйича интеллектуал беллашув ҳамда мазкур асар асосида эркин мавзуда саҳна кўриниши шартлари бўйича мусобақалашди.

Курсантларнинг барча шартларга пухта ҳозирлик кўргани танловнинг муросасиз ўтганида намоён бўлди. Ҳарбий техникаларни сақлаш паркидан ўқ отиш машғулотлари майдонига, ўчоқбошидан муҳташам саҳнага ўтиб, ўзларининг ҳар соҳадан бир шингил маҳоратларини кўрсатган бўлажак офицерлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.



Танловнинг якуний натижаларига кўра, “Энг билимдон курсант”, “Энг илғор техник”, “Энг истеъдодли курсант”, “Энг яхши мерган”, “Энг яхши ошпаз” номинациялари бўйича совриндорлар ва ғолиблар аниқланди.
Шунингдек, кун давомида ҳарбий хизматчилар фарзандларининг қишки таътил вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган шахмат-шашка мусобақалари ҳам қизиқарли кечди.




















