Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2018 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, адлия органлари фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ 27 та Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди (2017 йил 10 га яқин, 2,7 бараварга ошди).
Адлия органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган деб белгиланди.
Вазирлик тизимида 4 та янги бошқарма, 1 та муассаса, 14 та юридик коллежлар, 200 та туман (шаҳар) адлия бўлимлари, Тошкент давлат юридик университети ҳузурида Халқаро стандартлар бўйича юридик кадрларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази, Адлия вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “Очиқлик индекси” рейтингида Адлия вазирлиги 59 та давлат органлари орасида 1-ўринни эгаллади.
Адлия вазирлиги томонидан бевосита 230 дан ортиқ қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилди, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 бараварга ошди.
Шундан, муҳим лойиҳалар:
– Норма ижодкорлиги концепцияси, қонун ости ҳужжатларини камайтириш, тўғридан тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш;
– қонун ҳужжатлари лойиҳаларини давлат тилида тақдим қилиш шартлиги тўғрисида;
– нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари фаолияти такомиллаштирилди;
– давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси такомиллаштирилди;
– нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига давлат органларининг аралашуви камайтирилди;
– маҳаллалардан маълумотномалар сўрашга чек қўйилди;
– қурилган уй-жойни фойдаланишга топшириш тўғрисидаги ҳоким қарорини чиқаришга бўлган талаб бекор қилинди, марказлар орқали 10 кунда қабул қилиш тартиби ўрнатилди (илгари 6 ойдан 8 ойгача чўзиларди);
– кўчмас мулкнинг олиб қўйилиши сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопланмасдан бузиш қатъий тақиқланди.
1 850 та қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида маҳаллий бошқарувни ташкил этиш аҳволи ўрганилди, натижада Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида бутунлай янгича тартиб жорий этилди ва синовдан ўтказилмоқда.

















