Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази (CED) раҳбари Юлий Юсупов Ўзбекистон Республикасида солиқ ислоҳотини амалга ошириш йўлидаги муаммо ва камчиликлар ҳақида Kun.uz сайти учун навбатдаги мақолани тайёрлади. Унда ўз манфаатларини ҳимоя қилаётган лоббистлар ва жамият манфаатлари қарама-қаршилиги таҳлил қилинади.

«Менимча, Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий муаммоларидан бири — ҳали тўлиқ сайқалланмаган, шахсий ва идоравий манфаатларни лобби қилиш учун кўплаб тешикларга эга бўлган давлатнинг муҳим қарорларини қабул қилиш тизимидир.

Сўнгги икки йилда бу тизимни такомиллаштириш учун кўплаб ишлар қилинди, хусусан, норматив актлар лойиҳаларини оммавий муҳокама қилиш амалиёти жорий қилинди.

Афсуски, бу тизим ҳали мукаммалликдан анча йироқдир. Унинг тўлиқ шаффоф эмаслиги, тийиб турувчи ва қарама-қаршилик қилувчи тўлақонли механизмларга эга эмаслиги баъзан ижтимоий эмас, балки хусусий, гуруҳий манфаатларни ҳимоя қилувчи қарорларнинг қабул қилинишига замин яратмоқда.

Бунга яққол мисол — 2018 йил декабрь ойининг охирида қабул қилинган солиқ ва божхона қонунчилигидаги ўзгаришлар.

Улардан баъзилари, хусусан жуда муҳимлари оммавий муҳокама қилинмасдан ва ҳатто олдин қабул қилинган ва эълон қилинган қарорларга зид равишда қабул қилинди. Хусусан, президентнинг июнь ойида имзолаган «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги қарори ва шу вақтдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига зид равишда.

Муаммо қарорларнинг ўзгариб қолганида эмас (бу табиий ҳол), балки саҳна ортида ўзгариб қолганидадир. Мана шундай ўзгаришларнинг орқасида кўпинча турли лоббистлар турган бўлишади.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида repost.uz нашрида мен электротехника саноатини ривожлантириш ҳақидаги норматив акт лойиҳаси таҳлил қилинган мақола