Ўзбекистон | 13:49 / 08.01.2019
16582
3 дақиқада ўқилади

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раҳбари Юлий Юсуповнинг танқидларига муносабатини билдирди

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси Алишер Абдуллаев маҳаллий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини нима учун ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида фикрларини билдирар экан, иқтисодий эксперт Юлий Юсуповнинг танқидларига ҳам ўз муносабатини билдирди. У «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу масалага ҳам тўхталиб ўтди. 

«Мана ноябрь ойларида эди, адашмасам, президент фармонлари чиққан эди, экспорт қилувчиларга имтиёз бериш хусусида. Экспорт улуши 15 фоиздан ошса, улар баъзи бир солиқ турларини тўлашда имтиёзга эга бўлиши белгиланди. Биз танқидга учраяпмиз, бу борада. Масалан, Юлий Ботирович Юсуповнинг мақоласини олайлик. Биз аввал ҳам айтган эдик. Ҳозирча, Хитой, Туркия ва бошқа давлатлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар таннархи билан тенг бўла олмаймиз. Рақобатда юта олмаймиз. Шу боисдан ҳам биз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаб туришимиз керак. Бизда ҳамма Artel ҳақида гапиради, бироқ ундан ташқари ҳам 5-6та ишлаб чиқарувчи бор, уларнинг ҳажми битта Artel билан тенг, 2та Artel’га ҳам тенг дейиш мумкин, ҳатто», - деди Алишер Абдуллаев. 

У, шунингдек, уюшма наздида «рақобат» тушунчаси қандай англашилишига ойдинлик киритди. 

«Рақобат, дегани нима биз учун? Импортчи билан маҳаллий ишлаб чиқарувчини солиштирса, бу рақобат эмас. Қачонки муҳит пайдо бўлса ва битта-иккита эмас, ўнта, йигирмата (маҳаллий) ишлаб чиқарувчи ўзаро рақобатлашса, халқ ютади, республика ютади. 

Бунда биринчидан валюта четга чиқиб кетмайди. Бошқа касб эгалари пешона тери билан топаётган маблағлари чет элда, Туркияда, Кореяда ва бошқа давлатда иш жойи яратишга имкон бераяпти. Бизнинг ишчилар, ватандошларимиз ишчи бўлиб, ўша давлатларга бориб ишлашга мажбур бўлмоқда. Ўзбекистоннинг миллий манфаати қани бу ерда?», - дея изоҳ берди Алишер Абдуллаев.

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази (CED) раҳбари, иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистондаги етакчи экспертлардан бири Юлий Юсупов маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга турли йўналишларда имтиёзлар берилиши ортиқча ва соғлом рақобат олиб бориш қоидаларига зид, дея ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида имтиёзлар берилишини кўп бора танқид қилган эди. Юлий Юсупов Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоласида ҳам бу ҳақда атрофлича сўз юритганди.

Мавзуга оид