Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти янада такомиллаштирилади
|02:19 / 09.01.201912 52210 мин
Ўзбекистон президентининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича Комиссияга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
· секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида секторларнинг “туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойили асосида уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш бўйича ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларида вертикал бошқарув тизимини жорий этиш;
· ҳар чоракда камида бир маротаба Комиссия йиғилишида секторлар фаолияти тўғрисидаги ахборотни таҳлил этиш, секторларда амалга оширилаётган ташкилий-амалий чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш, ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш ҳамда секторларнинг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш юзасидан таклифларни муҳокама қилиш;
· ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича республика даражасида ечиладиган муаммоларни ҳал этишга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
· секторлар раҳбарларининг фаолиятини ҳудудларнинг ривожланиш аҳволидаги реал ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб холисона баҳолаш;
· ҳар бир ҳудудда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳудудий ва республика “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, уларда назарда тутилган тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар белгилаш;
· ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича манзилли топшириқлар белгилаш ҳамда уларнинг ижроси устидан тизимли назоратни амалга ошириш;
· Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чоракда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот ва алоҳида ўрнак кўрсатган секторлар раҳбарлари, давлат органларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш.
Ҳужжат билан, 2019 йил 1 февралдан қуйидаги тартиб жорий этилди:
Мавзуга оид
· юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш ва секторларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун секторлар штаби таркибига киритилган идора ва ташкилотларнинг ҳар бир сектор бўйича масъул ходимлари (кейинги ўринларда – сектор штаби аъзолари) сектор раҳбари билан келишилган ҳолда бириктирилади ва алмаштирилади;
· секторлар штаби фаолиятини тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида сектор раҳбари бошчилик қиладиган идора (ташкилот)дан сектор штаби котиби сифатида алоҳида ходим бириктирилади. Бунда котиб асосий иш жойидан ажралган ҳамда лавозим маоши сақлаб қолинган ҳолда фаолият кўрсатади;
· котибга бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фондига ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳар ойда қўшимча равишда лавозим маошининг эллик фоизигача миқдорда устама ҳақ тўланади;
· туманлар (шаҳарлар) секторлари раҳбарлари ҳар ҳафтада камида бир маротаба, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар секторлари раҳбарлари эса ҳар ойда камида икки маротаба жойларга чиққан ҳолда жисмоний шахслар билан уларнинг ижтимоий масалалари ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари билан тегишли фаолият соҳалари кесимида қабуллар ўтказади;
· сектор ишида фаол қатнашган сектор штаби аъзолари ҳар чорак якунлари бўйича маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан рағбатлантирилади;
· секторларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш учун сектор раҳбарларининг асослантирилган сўровларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар)нинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағлар мақсадли йўналтирилади.
Бунда сектор раҳбарларининг сўровлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларида атрофлича муҳокама қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларига киритилмаган, тегишли ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга эътибор қаратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ахборот-таҳлил гуруҳлари ҳамда туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари зиммасига қўшимча равишда қуйидаги вазифалар юклатилди:
· секторлар фаолиятига оид маълумотларни жамлаш, улар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва юритиш;
· секторларда амалга оширилган ишларни тизимли таҳлил қилиш, йўл қўйилган камчиликлар, бажарилмаган тадбирларнинг сабабларини аниқлаш ҳамда “йўл хариталари”ни шакллантириш;
· секторларда аниқланган муаммолар ва уларни ҳал этиш натижалари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига ахборотларни тайёрлаш.
Қарорда кўрсатилишича, 2019 йилнинг 1 апрелидан қуйидагиларни қамраб олувчи республика бўйича ягона электрон ахборот тизими жорий этилади:
· уйма-уй юриш, ўтказилган суҳбатлар, келиб тушган мурожаатлар натижасида аниқланган муаммолар ва уларнинг ҳал этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
· ижтимоий соҳа ва бошқа объектлардаги мавжуд ҳолатларни ўрганиш натижасида аниқланган муаммо ҳамда уларнинг ҳал этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
· секторлар фаолияти юзасидан электрон статистик ҳисобот шакллари;
· Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича “йўл хариталари” ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда республика ахборот тизимини ишлаб чиқишни ҳамда “Hudud” ахборот тизимига алоҳида модуль сифатида интеграция қилишни таъминлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) секторлар раҳбарлари республика ахборот тизимига маълумотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ киритиб борилиши учун шахсан масъул этиб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизимини танқидий кўриб чиқиб, сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этади.
Шунингдек, йил якунларига кўра фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган секторларни рағбатлантириш мақсадида “Энг намунали сектор”, “Энг ташаббускор сектор раҳбари”, “Энг фаол сектор штаби аъзоси” номинациялари бўйича республика танловини ўтказиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Шундай тартиб ўрнатиладики, ҳар йилнинг 15 январига қадар Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар бир тизим бўйича:
сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизимига мувофиқ, уларнинг ўтган йилда амалга оширган ишлари таҳлил этилиб, умумий йиғилишда муҳокама қилинади;
баҳолаш натижасига кўра, энг юқори кўрсаткичга эришган 2 нафар сектор раҳбари автотранспорт воситаси билан тақдирланади, секторлар фаолиятини намунали ташкил этган раҳбарлар ва унинг ишида фаол қатнашган бошқа штаб аъзолари қимматбаҳо совғалар билан мукофотланади;
фаолияти самарасиз деб баҳоланган сектор раҳбарларига нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазо чоралари қўлланилади.