Иқтисодиёт | 11:17 / 09.01.2019
16587
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки дунёдаги иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирди, аммо Ўзбекистон учун прогнозни тасдиқлади

Фото: Alex Wong/Getty Images

2019 йилда иқтисодий кўрсаткичларнинг ёмонлашуви ортиши фонида жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатлари секинлашади ва 2,9 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда сешанба куни Жаҳон банки хабар берди.

Халқаро савдо ва қайта ишлаш саноатида фаолликнинг пасайиши қайд этилди, савдо муносабатларида танглик сақланиб қолмоқда, бозор иқтисодиёти шаклланаётган айрим йирик мамлакатлар молиявий бозорлар томонидан жиддий босимни ҳис қилди.

«2018 йил бошида жаҳон иқтисодиёти тез суръатда ўсди, бироқ йил давомида у секинлашди ва келгуси йилда вазият янада мураккаблашиши мумкин», - дея маълум қилди Жаҳон банкининг бош ижрочи директори Кристалина Георгиева.

Ташқи талаб пасайиши, қарз олиш қийматининг кўтарилиши ва сиёсий ноаниқликнинг сақлаб қолиниши бозор иқтисодиёти шаклланаётган ҳамда ривожланаётган мамлакатлар учун прогнозларга салбий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

2019 йилда ушбу гуруҳда иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари барқарор бўлиб қолади - кутилганидан бироз камроқ, 4,2% даражада.

Европа ва Марказий Осиё

Кутилишича, бу йил минтақада иқтисодиётининг ўсиш суръатига Туркиядаги молиявий беқарорлик сақлаб қолиниши оқибатлари салбий таъсир кўрсатади: 2019 йилда у 2,3 фоизга секинлашади.

Туркияда иқтисодий фаоллик заиф бўлади, юқори инфляция, юқори фоиз ставкалари ва истеъмол ҳамда инвестицияга салбий таъсир кўрсатадиган паст даражадаги ишончлилик туфайли иқтисодий ўсиш 1,6%га пасаяди.

Прогнозларга кўра, минтақанинг ғарбий қисмида иқтисодий ўсиш суръати секинлашади. Евро ҳудудида иқтисодий ўсиш пасайиши фонида Польша иқтисодиёти ўсиши 4 фоизга секинлашиши кутилмоқда.

Минтақа шарқий қисмида ҳам иқтисодий ўсиш пасайиши кутилмоқда. Бунда йирик давлатлар, жумладан, Россия, Қозоғистон ва Украина иқтисодиётида ўсишнинг пасайиши кузатилади.

Ўзбекистон 

Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйича прогнози июнь ойидаги аввалги ҳисоботга қараганда ўзгаришсиз қолди - Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 5,1% (2019 йилда), 5,5% (2020) ва 6%га (2021) етади.

Бу Европа ва Марказий Осиёдаги энг яхши кўрсаткичлардан бири. Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиш суръати, масалан, 2019 йилда 3,5% дан 2021 йилга келиб 3,2% гача пасаяди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки нефть нархи пасайишини тахмин қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид