Мавзуга ҳар томондан келиш мумкин. Масалан, турнирдаги илк учрашув босими, Уммон деярли ўз майдонида тўп сураётгандек қўллаб-қувватлашларга эга бўлгани-ю, уларнинг голи офсайддан урилганини айтиш ва қўлга киритилган уч очкодан хурсанд бўлиш мумкин.
Ахир бу дегани деярли плей-офф йўлланмаси қўлга киритилди дегани, шундай эмасми? Ёки ўйиннинг ғариблиги, яратилган вазиятлар ва комбинацияларнинг деярли бўлмагани, аксинча, фақат омад ва Нестеровнинг маҳоратигина Уммонни очкодан маҳрум қилганини айтса бўлади. Яъни, бу фикрларнинг барисини айтган одамларни кўрдим, ўқидим, ҳар икки томон позициясига ўтиб ҳам аҳмоқ кўринмасликнинг иложи бор, ишонаверинг.
Мантиқан тўғри. Аммо гўёки савия жиҳатидан биздан кучсизлиги айтилиб келинган Уммонга бунча устунликни тақдим этган Купердан мантиқ топиш қийиндек.
«Рақиб ўзи учун мантиқан тўғри услубда ҳаракат қилди. Ҳисобда олдинга чиқиб олгач, ҳимояга эътибор қарата бошлади», – биз бақрайиб қараб турганимиз билан Пим Вербек ҳамкасбининг ҳаракатларини табиий қабул қилди.
«Бизда профессионаллик етишмади, рақиб футболчилари натижа учун барча нарсага, ҳатто қизил карточкага ҳам тайёр эканини намойиш қилди», – бу ҳам Вербекнинг фикрлари ва у ерда пичинг йўқ.
Бу ўйиндан сўнг, тан олиш мумкин бўлган ижобий эътирозлардан бири. Яна Нестеров, Аҳмедовнинг маҳоратига тан бериб, Шомуродовнинг совуққонлигига қойил қолиш керак, аммо биз учун янгилик эмас. Янгиликни биз аслида Купер шакллантирган ўйиндан қидирдик. Мухлислар жамоадан ҳужумкор, комбинацион футбол ва бешта голни кутишган, гўёки Рашидов, Машарипов, Сидиқов каби футболчилар билан, келиб келиб Уммон билан бошқача футбол мумкин эмасдек эди. Нима бўлди ўзи?
Устувор футбол ва унинг талаблари
Ҳар бир даврнинг, мусобақанинг, қитъанинг ўзига яраша устувор футболи бўлади. Мисол учун, Гвардиоланинг «Барселона»си, Зиданнинг «Реал»и сўнгги ўн йилликдаги Европада энг устувор футболни намойиш этган жамоалар ҳисобланади. Гап фақат натижада эмас, ўзи кўрсатадиган футбол услубининг урфга айланиши, ҳар қандай рақибдан қатъи назар ўз футболини намойиш этиши лозим бўлади. Мураббий учун энг марказий вазифа рақиб устунликларини йўққа чиқариш эмас, ўз устунликлари майдонда акс этишини таъминлаш бўлади. Сезиб турганингиздек, бундай футболнинг жуда муҳим талаби бор – бу жамоа ўша давр, ўша мусобақа ёки ўша қитъадаги энг зўр ижрочиларига эга бўлиши керак. Бир мураббий бундайроқ футболчилар билан, «Лестер» сингари, нимадир яратиш, турнирда ғолиб чиқиши мумкин, аммо бу билан ўша жамоа устувор футбол соҳибига айланмайди. Таркиб сифати жуда муҳим, Пеп Гвардиола ҳар қанча кучли мураббий бўлмасин, урфга айланиши мумкин бўлган футболни қуриши учун энг юқори малакадаги ижрочиларга эҳтиёж сезади. Умуман, тарихдаги ҳар қандай даврдаги модага айланган жамоаларни кўринг – аср бошларидаги «Милан» ёки «Реал», ўтган аср охирларидаги «Ювентус» ёки «Манчестер Юнайтед»: бу жамоалар урфга айланган футбол намойиш этиш билан биргаликда, ўша даврнинг энг яхши футболчиларини таркибга йиғиб ҳам олганди. Бусиз масалан, «Атлетико» ёки «Челси» сингари, яхши, кучли, баъзида совринлар ҳам юта оладиган жамоа бўлиш мумкин холос.















