Жиноят кодекси янги модда билан тўлдирилди. У тиланчилик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи”да эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартиш киритилди:
1) 17-модданинг тўртинчи қисми «127» рақамидан кейин «127-1» рақами билан тўлдирилди;
2) 127-модда биринчи қисмининг диспозициясидаги «тиланчиликка» деган сўз чиқариб ташланди;
3) қуйидаги мазмундаги 127-1-модда билан тўлдирилди:
«127-1-модда. Тиланчилик қилиш
Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –
икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
в) бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, –
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».
Мавзуга оид
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
20:58 / 04.11.2024
Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари кучайтирилади
17:49 / 23.10.2024
Сенат янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
18:34 / 04.10.2024