Ўзбекистон Республикаси президенти “Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи”да эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:
қуйидаги мазмундаги 330-1-модда билан тўлдирилди:
«330-1-модда. Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш
Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:
1) тадбиркорлик субъектлари – тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;
2) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари – давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан палата аъзоларининг манфаатларини, шунингдек ўз манфаатларини кўзлаб берилган аризалар бўйича;
3) нодавлат нотижорат ташкилотлари – ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;
4) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар – фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;








