Канада ҳукумати 8 сентябридан бошлаб АҚШдан импорт қилинадиган товарларга 15, 25 ва 50 фоиз миқдорида жавоб божларини жорий қилади. Чекловлар қиймати 20 миллиард долларга тенг 700 турдаги маҳсулотларга таъсир қилиши мумкин. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Қайт этилишича, Канада АҚШдан олиб кириладиган пўлат, алюминий, мебел ва кийим-кечак маҳсулотларига 50 фоизлик бож жорий этади. Пишлоқ, маиший техника ҳамда айрим денгиз маҳсулотлари учун тарифлар 25 фоизни ташкил қилади. Электроника ва асбоб-ускуналар эса 15 фоизлик божга тортилади. Тарифлар рўйхатига, шунингдек, тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, парфюмерия, гигиена воситалари, пластмасса буюмлар, ёғоч-тахта, қоғоз маҳсулотлари, гиламлар, мотоцикллар, саноат ускуналари ва темирйўл локомотивлари киритилган.
Канада Молия вазирлиги ўз баёнотида адолатли савдо битимига эришиш учун АҚШ билан фаол музокаралар олиб борганини таъкидлаб ўтган.
«Сўнгги кунларда АҚШ Канада манфаатларига мос келмайдиган янги шартларни жорий қилди. Улар Канададан кўп нарса сўраб, эвазига жуда кам нарса таклиф қилишди», дейилади вазирлик баёнотида.
Аввалроқ, Доналд Трамп Канаданинг АҚШ маҳсулотларига нисбатан «камситувчи муносабати»га жавобан ушбу мамлакатнинг қарийб 20 млрд доллар қийматдаги товарларига қўшимча 50 фоизли божлар жорий этилишини маълум қилганди.









