Четдан кузатсангиз, баъзи болаларнинг хатти-ҳаракатларида, гап-сўзида ғайритабиийлик сезилади. Уларнинг ташқи кўриниши бенуқсон, фақат гап-сўзларида ноаниқлик, юз ифодасида атрофга бефарқлик бор. Дунёни ўзига хос «пушти кўзойнак» орқали кўрадиган бундай болалар аутизм синдромига чалинган ҳисобланади.

Альберт Эйнштейн, Микеланжело, Исаак Ньютон, Моцарт каби даҳоларга ҳам худди шу ташхис қўйилган. Шунга қарамай, улар нафақат нормал ҳаёт кечиришди, балки ақли ва истеъдоди билан шуҳрат ҳам топди. Демак, аутизм жамиятдан четлатиш учун асос ҳам, ногиронлик ҳам эмас, фақатгина даволанишни тўғри йўлга қўйиш керак холос. 

Аутизм синдромига чалинган одамлар сони йил сайин ошиб бормоқда, тахминан ҳар 1000 боладан бири аутист бўлиб дунёга келади. Бу йўналишда Ўзбекистон статистикаси яхши юритилмаса-да, жамиятда аутист болалар учрайди. 

Аутизм ҳақида

Аутизм хасталик эмас, уни синдром ёки ўзига хос руҳий ҳолат деб юритиш тўғрироқ бўларди, деб ҳисоблайди шифокор-психоневролог Нозим Санақулов. 

Мутахассиснинг сўзларига кўра, синдромнинг илк белгилари 2-3 ёшда намоён бўла бошлайди. Асаб тизимидаги бузилишлар туфайли бола ташқи таъсирларга, атрофидаги воқеаларга мутлақо бефарқ ёки аксинча ўта таъсирчан бўлади. Чақирганда эътибор қаратмайди, бир нуқтага тикилиб қолади, нигоҳи доимо тарқоқ бўлиши ҳам мумкин. Бир хил ҳаракатни ҳеч бир сабабсиз такрорлаш ҳолатлари ҳам учрайди. 

«Аутизм нима сабабдан вужудга келиши номаълум. Асосан ирсий мойиллик бунга туртки бўлиши мумкин. Уни даволашда дори воситалари, физиотерапия муолажаларидан мия фаолиятини яхшилаш учун қўшимча сифатида фойдаланилади, лекин асосан болани ижтимоийлаштиришга, кўпроқ мулоқотга жалб қилишга эътибор қаратилиши керак», – дейди у.  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси Нилуфар Мансурованинг сўзларига кўра, ҳудудлардаги кўптармоқли марказий поликлиникаларда логопед-психоневролог мутахассислари бўлиб, улар аутизм ташхиси қўйилган болалар билан муайян тарзда шуғулланади. 

Шунингдек, «Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5590-сонли фармон ижросини таъминлаш бўйича вазирликнинг чора-тадбирлар режасига сурункали касалликлари ва ногиронлиги мавжуд бўлган болалар учун ҳудудий реабилитация марказларини ташкил этиш орқали болаларни соғломлаштириш ва реабилитация қилишни кенгайтириш масаласи киритилган.