Kun.uz сайтида 2018 йил 2 январь куни «Шофирконда ногиронлиги бўлган бошпанасиз аёл йиғлайди, уч фарзанди совуқдан титрайди» номли мақола эълон қилинган эди.
Унда шофирконлик ногиронлиги бўлган Мамлакат Содиқованинг уч фарзанди билан оғир шароитда яшаётганлиги баён қилинганди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти, Шофиркон тумани ҳокими Ж.Равшанов номидан хат келди.


Хатда таъкидланишича, мақолада келтирилган ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган ва бу оилага барча зарур кўмаклар берилган.
Ушбу маълумотни ўрганиш учун яна Шофиркон туманига йўл олдик ва Мамлакат Содиқованинг ижарадаги хонадонида бўлиб, у билан суҳбатлашдик. Ўрганишимиз давомида Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Ибрагимова, Шофиркон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Р. Каримов ҳам иштирок этди.
Ҳақиқатан ҳам айни вақтда бу оиланинг яшаш тарзи ижобий томонга ўзгарган. Вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан газ плита, музлатгич, телевизор, болалари учун каравотлар, жиҳозсиз уйларга гиламлар, диван, янги кўрпа-тўшаклар етказилган. Хонадонга узилган газ қайтадан улаб берилган. Ногиронлиги бўлган 12 ёшли қизининг ногиронлик аравачаси янгиланган.




Мамлакат Содиқова ва унинг фарзандларининг соғлиги тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинган. Барча зарур дори-дармонлар берилиб, тиббий муолажалар олиб борилмоқда.
















