Жамият | 18:32 / 12.01.2019
25830
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда «Шоҳ Машраб» жоме масжиди очилди

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида «Шоҳ Машраб» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

«Шоҳ Машраб» жоме масжиди жамоасининг маълум қилишича, масжиднинг янги биноси халқ ҳашари билан буткул қайта қурилган. Масжидни тиклаш ишлари 2017 йилнинг бошида бошланиб, 23 ой давом этди. Бугун жоме масжидининг умумий майдони қарийб 8000 квадрат метрни ташкил қилади.

Масжиднинг асосий биноси баландлиги 28 метрни ташкил этувчи гумбаз, 43 метрлик катта минорадан иборат. Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилдилар.Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.

Бир вақтнинг ўзида 2500 нафар намозхонни ўз бағрига сиғдира оладиган ушбу масжидда кеча биринчи жума намози адо этилди. Масжиднинг очилиши ва жума намозини ўқиб бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Юнусобод тумани бош имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ташриф буюрган.

 

Мавзуга оид