Kun.uz сайти таҳририяти Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази раҳбари Юлий Ботирович Юсупов билан туркум суҳбатлар уюштиришни режалаштирган. Туркум «Юлий Юсупов билан натижалар ҳақида» деб номланади. Журналист Шокир Шарипов таҳририятимиз меҳмони билан биргаликда ўтган йилга назар ташлаймиз ва иқтисодий ислоҳотлар борасида нималарга эришганимиз ва нималарни бой берганимиз ҳақида суҳбат қуради.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ш.Ш. – Биринчи саволим кенгроқ мазмунда: «бизга нега ислоҳотлар керак?»

Ю.Ю. – Савол ҳақиқатан кенг мазмунда. Ислоҳотлар нима учун кераклигини тушуниш учун гапни ислоҳотлар нима эканлигидан бошласак. Сал узоқроқдан келишга ҳаракат қиламан. Масалан, бир ночор оила бор. Бу оила нима учун ночор яшаётганлигини тушунишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Улар турли сабабларга кўра ночор яшаётган бўлишлари мумкин. Масалан, аёл олий маълумотли эмас. Шунинг учун маош кам тўланадиган ишда ишлайди ва оз ойлик олади. Эри эса, айтайлик, кўп ичади. Шу боис бир жойда узоқ ишлолмайди – эртами-кечми ишдан ҳайдалади. Аён бўладики, оиланинг қашшоқлиги унинг аъзоларининг ўзларига боғлиқ.

Аммо янада чуқурроқ сабаблари бўлиши мумкин. Аёлнинг оиласида қизлар ўқиши шарт эмас - «қизлар мактабда ўқиса етади, асосийси эрга тегиб, бола боқиш» деган тамойил бўлганлиги сабабли аёл олий маълумотли бўла олмаган. Бу ерда таълим иккинчи ўринга тушиб қолади. Бу ҳам қашшоқликнинг чуқурроқ сабабларидан бири. 

Лекин бошқа –ташқи сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Айтайлик, эр ичувчи, дангаса ёки ёмон ишчи бўлганлиги учун эмас, балки оиласи билан яшаётган жойда иш йўқлиги учун иш тополмайди. Унда нима учун у ерда етарлича иш ўринлари яратилмаётгани ҳақида савол туғилади.

Калаванинг учини топишга уринар эканмиз, оилаларнинг ночорлиги нафақат уларнинг ўзларига, балки ташқи сабабларга ҳам боғлиқ деган хулосага келамиз.

Агарда кенгроқ миқёсда оладиган бўлсак, одамлар ўртача жуда яхши яшайдиган ва одамлар жуда ёмон яшайдиган мамлакатлар, ҳудудлар борлигини кўришимиз мумкин.