Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги йўллади. Табрик матни ЎзАда келтирилди.
Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимизнинг муҳтарам фахрийлари!
Қадрли юртдошлар!
Сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган сиз, азму шижоатли ҳарбийларимизни шарафлаб, халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман.
Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.
Биз сизлар билан — ана шундай ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Айнан сизларнинг ерда ва кўкда, сувда ва қуруқликда олиб бораётган мардона хизматларингиз туфайли осмонимиз мусаффо, болаларимиз, мўътабар оналаримиз, кексаларимиз хотиржам яшамоқда, юртимиз обод, халқимиз ҳаёти фаровон бўлмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ўз фарзандларини — Қуролли Кучларимизнинг аскар ва офицерларини Алпомишдек ботир, чинакам ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбийларимиз билан ҳаёт қувончи ва ташвишларини доимо баҳам кўриб келаётган уларнинг рафиқалари ва оила аъзоларига катта раҳмат айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан.
Муҳтарам ватандошлар!
Мана шу байрам кунларида барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз.
Бу борада армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тузилма — ҳарбий-маъмурий секторлар барча ҳудудларда самарали фаолият юритаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

















