Washington Post газетаси АҚШ президенти Дональд Трамп россияликлар президенти Владимир Путин билан музокаралари тафсилотларини яширгани, ҳатто таржимондан учрашувлардан бирига оид ёзувларни олиб қўйгани ҳақида маълумот берди. Оқ уйдагилар бунга жавобан, мақолада ноаниқликлар кўплигини айтиб, унга изоҳ беришни маъқул кўрмаган.

Газетанинг ёзишича, Трамп АҚШнинг аввалги президентларидан фарқли равишда Путин билан музокараларга ўзи билан Оқ уйнинг бошқа юқори мартабали вакилларини олиб бормаган ва ҳеч ким билан бу музокаралар тафсилотлари ҳақида суҳбатлашмаган.

Кейинги икки йил давомидаги бешта жойда бўлиб ўтган суҳбатларнинг бирорта ҳам батафсил ёзуви мавжуд эмас.

Эндиликда АҚШ Вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги учрашувлар бўйича тингловлар ўтказишни режалаштирмоқда.

«Трамп ҳар сафар Путин билан учрашганида мамлакатга ҳеч гапни маълум қилмайди. Америка ҳақиқатни билишга лойиқ ва вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси бунинг тагига етмоқчи. Биз Трампнинг Путин ва унинг атрофидагилар билан ғалати муносабатлари атрофидаги сирлар ва бу яширин муносабатлар миллий хавфсизлигимизга қай даражада таъсир қилиши бўйича тингловлар ўтказамиз», дейилади қўмита сайтида эълон қилинган баёнотда.

Washington Post нашри тасдиқлашича, 2017 йили Ҳамбургда «Катта йигирматалик» саммити доирасида Путин билан учрашувидан кейин Трамп таржимондан музокаралар вақтига оид ёзувларни олиб қўйган ва ундан бу суҳбат мазмуни бўйича ҳатто Оқ уйда ҳам ахборот бермасликни сўраган.

Ўша учрашувдан кейин юқори мартабали амалдорлар музокараларнинг умумий якунлари билан танишишган, улардан икки нафари тўлиқ тафсилотларни билишни исташган ва таржимонга юзланишган. Шунда у Трампнинг тақиқи туфайли гапиришдан бош тортган.

Ҳамбургдаги учрашув вақтида Трамп, Путин ва таржимонлардан ташқари америкаликлардан яна бир неча киши бўлган. Аммо Трамп ва Путин Ҳамбургда зиёфатдан кейин ҳам алоҳида учрашишган, бу учрашувда уларга фақат россиялик таржимон ҳамроҳлик қилган.

Washington Post мақоласида қайд этилишича, бу биринчи ҳолат эмас. Нашр маълумотига кўра, 2018 йилда Ҳелсинкида Путин билан музокараларга Трамп ўзи билан таржимондан бошқа ҳеч кимни олиб кетмаган. Ҳатто Оқ уйда ҳеч ким бу учрашув стенограммаси билан таниш эмас.