Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ва Хива шаҳрида Огаҳий номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва жамоатчилик вакилларининг Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини кенг нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Буюк шоир ва мутафаккир Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ва мактаб-интернатини ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланади.

Ташкилий қўмита Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича тегишли чора–тадбирлар режасини ишлаб чиқади.

Бунда:

Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий тўғрисида адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашр этиш;

ҳар йили шоир туғилган 17 декабрь санасида Хива шаҳрида ўрнатилган Огаҳий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва шеърият кечалари ўтказиш;

“Огаҳий – шоир, муаррих, таржимон ва давлат арбоби” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш;

Огаҳий ғазаллари билан айтиладиган мумтоз мусиқий асарлардан ташкил топган концерт дастурлари ва ижодий кечалар ташкил этиш;

оммавий ахборот воситаларида Огаҳий ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар бериб бориш;

Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этиш;

мамлакатдаги олий ва ўрта махсус, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш тадбирлари кўзда тутилади.